Рақамли қалъа. Дэн Браун
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Рақамли қалъа - Дэн Браун страница 12
Сьюзан МХАга келганидан бери Стратмор Крипто тараққиёт бўлими раҳбари лавозимидан бутун бошли МХАда иккинчи ўринда турувчи директор ўринбосари даражасига кўтарилди. Энди фақат бир киши – директор Фонтейнгина Стратмордан амал жиҳатдан устун эди. МХА раҳбари Лиленд Фонтейнни ҳеч ким кўрмаган, ахён-ахёнда эшитишарди холос, шунга қарамасдан, барча ходимлар юрагида унга нисбатан абадий қўрқув шаклланиб қолганди. Лиленд ва Стратмор ҳам бир-бирига камдан-кам дуч келса-да, уларнинг учрашуви титанлар тўқнашувини ёдга соларди. Фонтейн бу икки гигант ичида каттаси бўлса ҳам, Стратмор бунга эътибор қилмасди. Ҳатто АҚШ президенти ҳам МХА директорига ўйлаб муомала қилар, Стратмор эса Фонтейн билан баҳслашганда қони қайнаган боксчи сингари фикрларини шарт-шарт айтиб ташларди.
Бундай ишга жазм этиш учун одамдан сиёсий иммунитет талаб қилинади одатда, Стратморга эса журъатни сиёсий хилма-хиллик берарди.
Сьюзан зинанинг тепасига етиб келди, қўнғироқни босишга улгурмасидан электрон қулф ғинғиллаб, эшик очилди, ичкарида ўтирган командор қизга қўл силкиб, ичкарига таклиф этди.
– Келганинг учун раҳмат, Сьюзан, сендан қарздорман.
– Ҳечқиси йўқ, командор, вазифам-ку бу, – Сьюзан Стратмор рўпарасидаги курсига ўтираркан, жилмайиб жавоб берди.
Командор баланд бўйли, гавдали одам бўлиб, бу хусусият уни янада қаттиққўл ва талабчан қилиб кўрсатарди. Унинг доимо ишонч ва вазминлик муҳрланган кулранг кўзлари бугун негадир бежо кўринди.
– Чарчаган кўринасиз, тинчликми? – Сьюзан сўради.
– Анча яхшиман, – жавоб берди командор.
Сьюзан Стратморга диққат билан тикиларкан, командорнинг аҳволини кўриб, нимадир рўй берганини сезди. Унинг сийрак кулранг сочлари тартибсиз кўринишда, хонада кондиционер ишлаб турган бўлишига қарамай, пешонасида тер томчилари ялтираб кўринарди. Ғижимланиб кетган костюми Стратмор уйга кетмасдан, кечаси шу ерда ухлаганидан дарак берарди. Компьютер ўрнатилган столнинг устида қоғозлар тартибсиз сочилиб, ҳар хил ҳужжатлар уйилиб кетганди.
– Оғир ҳафта бўлдими? – Сьюзан нима бўлаётганини билиш учун яна сўради.
Стратмор бошини чайқади:
– Ҳар доимгидек. ЭЧЖ фуқаролар дахлсизлиги юзасидан яна бўйнимга осилишни бошлади.
Қиз қиқирлаб кулди. ЭЧЖ ёки Электрон чегараланиш жамияти дунё миқёсидаги компьютер фойдаланувчилари томонидан ташкил этилган коалиция эди. Унинг асосий мақсади интернетдаги эркин фикрлашни қўллаб-қувватлаш ҳамда электрон дунёнинг хавф-хатар ва воқеликлари ҳақида бошқаларга таълим бериш эди. Бу жамият аъзолари доимий равишда ҳукумат агентликларини, айниқса МХАни шахс дахлсизлигини поймол қилишда айблаб келарди. ЭЧЖ Стратморнинг оёғига кирган чақиртиканак эдики, ҳеч ундан