Изхор. Xurshid Do`stmuhammad
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Изхор - Xurshid Do`stmuhammad страница 14
ЭҲТИРОМ ШОДИЁНАСИ
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинглаб
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш Халқаро Конгресс марказида ўтказилишини кўпчилик кутмаганди.
– Нима, «Тошкент-Сити»да қурилиш ишлари шу қадар қисқа муддатда тугалландими?
– Халқаро Конгресс маркази шу-унча издиҳомни сиғдира оладими?
– Тағин…
Шошманг, биродар, «тағин-мағин»га ўрин қолмади, барака топгур! 80 гектар майдоннинг 1 миллион 600 минг квадрат метрида ёппасига қурилиш ишларини олиб бориш бўёқчининг қилқаламда нил тортиши эмас. Сиз унинг битган, қад ростлаган, пардоздан чиққан биноларига кириб боринг, ҳайратдан оғзингиз очилмаса мен кафил! Мана-ман деган мамлакатлардаги хашаматли саройларни кўриш насиб этган киши сифатида айтаман – меъморлик санъати, нафис дид, маҳобат борасида заррача кам жойимиз йўқ. Ана, не-не дунё кезган хорижлик сиёсатдон дипломатик корпус вакиллари ҳам ҳайратларини яширишмаяпти, кўриб, томоша қилиб, баҳра олиб кириб боришмоқда кошонага. Янгилик, кенглик, ёруғлик диллардаги кин-ғуборларни ҳайдаб солади, киши кайфиятини осмонлар сари кўтаради, деган ҳикматнамо гапнинг исботини кўриб тургандек эдим. Зеро, ёшидан, жинсидан, мавқеидан қатъи назар, анжуманга ошиқаётган – ташриф буюраётган қатнашчилар кўтаринки кайфият тимсолига айланган эдилар назаримда. Давлатимиз Раҳбари бу кайфиятни икки оғиз жумлада ифодалади: «Тошкент-Сити» маркази мамлакатимизда қурилиш ва архитектура соҳасида тараққиётнинг янги даври бошланганини кўрсатади.
Шояд! Бинокорлик соҳасидаги янги давр миллий маънавиятимиз пойдевори, ўзаги бўлмиш давлат тилига бўлган муносабатимиздаги янги даврни бошлаб берди, том маънодаги янги даврни!
Президент ўзбек тилининг олис тарихига алоҳида урғу берди. Дарҳақиқат, ўзбек тили кеча пайдо бўлган эмас. Тилимиз тарихи халқимизнинг, давлатимизнинг олис тарихига туташиб кетган. Ота-боболаримиз ўз сўзини ўзбек тилида айтган. Достонларимиз, эртакларимиз, мақомларимиз, лапарларимизгача ўзбек тилида куйланган, авлоддан авлодга ўтган. Аждодларимиз қанчадан-қанча зафарли онларни бошидан кечирган бўлса, таассуфлар бўлғайким, қанчадан-қанча истилолар, азоб-уқубатлар, кулфат ва мусибатлар комига тортилган бўлса, она тилимиз уларнинг ҳеч биридан четда қолган эмас. Курашларга дош берган, сайқал топган, бойиб борган – нафақат сақланган, балки минг йиллик чинор янглиғ