ичига ташлаб қўйишса, кўза шаклига кириб оламан-да, яшайвераман. Ерёнғоқ бор-ку, ерёнғоқ! Ўшанинг ичига сиғдириб жойлаб қўйишсин, ерёнғоқ шаклига кириб-кўникиб роҳат қилиб яшамаган номард!» Ўйлаб кўрсангиз, домла, бу каби ҳикояларда назаримда одамлар эмас, улардан каттароқ, уларга бўйсунмайдиган, ер юзига хос умумҳаёт ҳодисалари – Сукунат ва Шовқин олишяпти, мужодала қиляпти. Бу ҳикояларда Сукунат ва Шовқин – икки монстрга айланган. Худди қадим асотирий Ахриман ва Ахурамазда каби. Шовқин ва Сукунатнинг ўз девлари бор ва шу дев шипшиб турса керакким, газга қайнатиш учун қўйилган чойнакнинг шанғиллашида дунё аррахонасининг турфа серваҳима харрос овозларини илғайди. Сукунат эса кимса хаёлотида ўргимчак қиёфасига киради. Ўргимчак кимсанинг қулоғи ичидан миясига кириб, мия қобиқларидан айланиб, ниҳоят кўзининг тепаси – икки киприк орасидан чиқиб кетади. Кимса бу ўргимчакка қаршилик кўрсатишга ожиз. У ўргимчакни ўз ҳолига қўйиб беради. Домла, мени айниқса, «Ўзим» деган ҳикоянинг негадир турмуш йўлларидан, ўр-қирларидан, паст-баландликларидан кўрпа кўтариб бораётган кимсанинг ҳолати жуда қаттиқ ўй ва ҳаяжонга солди. Бу воқеа нақ тушнинг ўзи, худди тушда юргандек одамлар. Кўрпа кўтарган йигит билмайди кўрпа кўтариб қайга кетяпти, нимага кетяпти, нимани қидиряпти, қай манзилга боряпти? Йўлларда унинг кўрпасига кўп харидорлар ҳам чиқяпти, гоҳида чарчаб-ҳориб кўрпадан айрилай деяпти. Кўтариб юра-юра, кўрпа йигитнинг ўзига ҳам қадрдон бўлиб қолади, ундан айрилиш, уни ташлаб, улоқтириб юборишни истамайди. Бир мўйсафиддан: «Кўрпасини сотган йигит эр бўлмайди, эр йигит кўрпа сотмайди», деган ҳикматни эшитади. Кўрпа кўтариб тентирашларининг сири очилгандай бўлади. Кўрпа турмуш, қисмат рамзи каби талқин этилаётганлигини элас-элас туманлар ичидан англагандек бўласиз. Бир умр кўрпа билан юриш ўта ноқулай. Лекин одамлар қисматида бу ноқулайликлардан ҳеч қайга қочиб ҳам қутулолмайдилар. Зеро, кўрпа кўтариб юрган одамлар камми? Бу ҳикояларни ўқиганда, адибимиз Кафка ва Камю асарларида характерли бўлган бемаъни, бемақсад, ғайришуурий тентирашлар, довдирашлар, (лекин инсон учун ҳеч қачон бегона бўлмаган) эсанг қарашларга пайров бўлаётгандай кўринади.
Ҳаётнинг маъноси унинг аслида тамомила бемаънилигида деган машҳур абсурд (Сартр фалсафасининг ўзаги) тушунча турлича бадиий шаклларда суратланаётганини сезгандай бўласиз. Изтироблар, қалб қийноқлари ичида ўртанаётган қаҳрамонлар бадиий шартлилик ичида ҳаракат қилаётганлигини сезасиз. Ва ёзувчи айтмоқчи, «ҳаётга ўхшамаган ҳолатлар»нинг ғалатироқ поэзиясига кириб бораётганлигингизни англайсиз. Домла, бу фикрлар кўп муттасил фикрлашга ундайди, фикрлаш эса хайрли деган тўхтам қанча жўн бўлмасин, ўринли деб тан олишдан бошқа илож йўқ.
* * *
Дўстим Камолиддин! Сиз ҳаётга ўхшамайди дейсиз-у, лекин бу ҳаёт. Сўзларингиздан шуни яхши сездимки, Хуршид Дўстмуҳаммад ўқиш-ўрганишга, янгилик қидиришга табиатан ҳавасманд ёзувчи экан. Тўғри пайқабсиз: унинг