Изхор. Xurshid Do`stmuhammad
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Изхор - Xurshid Do`stmuhammad страница 36
Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларининг – бошқа ўзбек адиблари ижодида жуда кам учрайдиган яна бир фазилати уларнинг аксариятида ўзбек ва жаҳон шеърияти оҳангларининг намоён бўлишида деб биламан. Бу, айниқса, «Оқимга қарши оққан гул», «Қоялардан баландда», «Қор одам» каби ҳикояларда ёрқин намоён бўлади. Бу эса Акутагаванинг «Ҳақиқий адиб шоир бўлиши керак», деган гапини ёдимга солади. Акутагаванинг фикрини давом эттирсам, ҳақиқий, теран проза ҳамма вақт ва фақат поэтик асосга эга бўлади. Зеро, поэзия, менинг назаримда, ҳар қандай сўз санъатининг заминидир. Ҳатто буюк Толстой ҳам «Тазарру»сида бекорга ўзини ёзувчи ёки романист деб эмас, «Мен санъаткорман, шоирман» деб айтмайди. Толстой Чехов ҳақидаям «у шоир» деб ёзади. Донишмандларнинг бири «фақатгина шеърият чинакамига тарихга таъсир қила олади» деган эди. Толстой ва мен номини унутган бир донишманд «шоир» деган тушунчаларни қофияли асар ёзадиган одам деб эмас, балки сўзни – тилни ҳис этган ижодкор, деб тушунишган.
Ёзувчи айрим ҳикояларида воқеа ёки қаҳрамони ҳақида ҳамма гапни «чайнаб» бермайди, «қиссадан ҳисса» чиқармайди, китобхонга ҳам иш қолдиради. Мана шундай ҳеч гап йўқдай туюладиган ҳикояларнинг бири – «Отамнинг ошнаси». Замон воқеаларидан узилмаган, уни зийрак кузатиб юрган ўқувчи айтилмаган бор гапни тушунади, ҳикоя давомида юрагида аста-секин қўзғалган дард уни мутолаадан кейин ҳам анча вақтгача қўйиб юбормайди. Айни шу тарздаги асарларида ёзувчи эзгулик ва ёвузлик ҳар қандай шароитда ёнма-ён мавжудлигини кўрсатади, бу тушунчаларни бир нуқтада жамлай олади ва бунинг оқибатида воқеалар ёки ҳолатларнинг суратан сокин, сийратан шиддатли кечишини кўзимиз билан эмас, ботиний нигоҳимиз билан кўришга мажбур қилади. Бу Хуршид Дўстмуҳаммаднинг адиб сифатида катта тажриба ва маҳоратга эга эканлигини намоён этади.
Китобдаги ҳикоялар хусусида матбуотда кўп ва хўб ёзишди. Аммо мен китоб таркибидаги ҳикоя бўлмаган асар – «Ал-Аъроф» ҳақида алоҳида тўхташни истайман. Кўпчилигимиз дунё адабиётининг янгиланиш жараёнларига беқиёс таъсир кўрсатган америкалик буюк адиб Эдгар Понинг 1829 йилда нашр этилган «Ал-Аъроф, Темурбек ва бошқа шеърлар» номли илк китобидан ўрин олган ва Соҳибқирон бобомизга бағишлаб ёзилган шеърий достон билан яхши таниш (достонни Фахриёр ўзбек тилига таржима қилган). «Ал-Аъроф» достони умр йўлдошининг вафоти туфайли қаттиқ изтироб чеккан шоир қаламининг маҳсули. Достон шоир режасига биноан 14 бобдан иборат бўлиши назарда тутилган, аммо битказилмай, чала қолган ва бизгача икки қисми етиб келган. Достон номи ҳақида муаллифнинг ўзи шундай ёзувлар қолдирган: