Изхор. Xurshid Do`stmuhammad
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Изхор - Xurshid Do`stmuhammad страница 7
Сўнгги беш-олти йиллик ўзгаришлар Ўзбек Ватанининг заминини, унинг қадриятларини қайта идрок этишга бир қадар имкон яратди. Ана шундай паллада Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинди. Бу – воқеаларни, ҳаётни, жамият ва инсоний комиллик тўғрисидаги тушунчаларимизни, бир сўз билан айтганда, замонавий ўзбек тушунчасини қайта бошдан идрок этишга даъват этмоқда.
Файласуф олим Қўчқор Хоназаровнинг «Сиёсий маданиятимиз ҳақида» («Ёш ленинчи». 1991 йил 17 сентябрь) тоифасидаги чиқишларни айни кўпайтириш пайти. Ушбу мақолада «Умумбашарий нуқтаи назардан қараганда, ўзбек халқи ўзининг сиёсий маданияти жиҳатидан ҳали кўп ўсишга муҳтож»лиги, «сиёсий маданият устидаги ишимизни энг ибтидоий даражадан» бошламоғимиз кераклиги ёзилган.
Мутлақо тўғри фикр! Халқимиз маданиятли инсон сифатида ўзлигини англамоғи учун ҳали кўплаб бошланғич таълимотларни ўзлаштирмоғи зарур. Мақоладаги муҳим фикрлардан бири: «Сиёсий маданият асосан тўрт устунга суянади: инсонпарварлик, демократия, ошкоралик ва кўпфирқалилик».
Кишиларнинг сиёсий маданиятини оширишда мазкур тўрт шартнинг муҳимлиги муаллиф томонидан асослаб берилган. Унга эътироз йўқ, лекин мулоҳазани чуқурлаштиришга уринсак, демократия ҳам, ошкоралик ҳам, кўпфирқалилик ҳам (кўпфирқалиликни ҳурфикрлилик деб ўқисак янаям яхши) инсонпарварликдек юксак тушунчанинг айрим қирраларини ташкил этади, холос. Қолаверса, мазкур тўрт талаб аввало одамларга эмас, балки ҳокимиятга кўпроқ тааллуқли. Ҳокимият чинакам инсонпарвар бўлган жамиятда демократия, ошкоралик, ҳурфикрлилик ва ҳоказо шарт-шароитлар ўз-ўзидан йўлга қўйилади, фуқаролар шу руҳда тарбия топаверади. Борди-ю, ҳукмрон сиёсат бунга йўл қўймаса, шарт-шароит яратмаса-чи? У ҳолда одамлар томонидан жорий этилган демократия, ошкоралик, ҳурфикрлилик ҳукумат томонидан жиноят сифатида баҳоланиши ҳеч гап эмас.
Бу – масаланинг бир томони. Иккинчи нозик жиҳати шундаки, одамларнинг баркамол инсонлик мартабасига етишишини (сиёсий маданиятини ошириш ҳам шу жумладан) фақат ҳокимиятга боғлаб қўйиш икки жиҳатдан хавф туғдиради: биринчиси – ҳукмрон сиёсат демократлаша олмаган тақдирда одамларда «Юқоридан шароит яратилса маданиятли, ҳалол бўламан, акс ҳолда тубанлашавераман», деган кайфиятни келтириб чиқаради (ҳозиргача шу қабилда яшамоқдамиз). Иккинчидан – борди-ю, ҳокимият чинакам инсоний шароит яратиб бергудай