Сенга ишонаман. Ворис Йўлчиев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Сенга ишонаман - Ворис Йўлчиев страница 11
– Мен нима ҳам дейман? – елка қисди у. – Бориб ойингга айтаман. Ўзлари биладилар нима қилишни.
Иқболнинг ўзи ўтирган машина тарафга важоҳат билан келаётганини кўрган Малак холанинг кўнгли ғашланди. Иқбол эшикни очиб, унинг қулоғига пичирлаб вазиятни тушунтиргач, кўзлари қинидан чиққудек бўлди. Кейин эса машина ўриндиғига суяниб қолди.
Кўп ўтмай, Ҳамид ўзи ўтирган машинадан чиқиб, онасининг қошига югурди. Яхшиямки, бу машинада онасидан бошқа ҳеч ким йўқ эди.
– Бу нима қилганинг, болам? Менда қасдинг борми? Эл-юрт ичида бизни шарманда қилмоқчимисан? Бировнинг кўз қорачиғидек авайлаб ўстирган боласини иснодга қолдирма! Одамларни биласан, қизнинг бир айби бор эканки, тўй тўхтатилибди, деб гап қилишади.
– Одамлар билан нима ишим бор, ойи, – елка қисди Ҳамид. – Мен ҳам инсонман, ўзим хоҳлагандек яшашни истайман-ку?
– Менга, ўз онангга раҳминг келсин, – ёзғирди она кўз ёшларини тиёлмай. – Сени шу умидда ёлғиз бошим билан катта қилдимми? Сендан кўрган неклигим шу бўлдими? Қариган чоғимда хор қиласанми?
– Нега хор бўласиз, ойи, – хуноб бўлди Ҳамид. – Нима бўпти? Қиз бола, қўл теккизганим йўқ. Мен олмасам, бошқаси олади. Шунга осмон узилиб ерга тушибдими?
Онаси ҳар қанча ялиниб-ёлвормасин, Ҳамид фикридан қайтадиганга ўхшамасди. Ниҳоят тунд кайфиятда машинадан чиқди. Орқасидан эса тарвузи қўлтиғидан тушган онаси… Ҳеч ким ҳеч нарсани тушунмас, ҳамма бир-бирига қараганча, тош қотганди. Ҳамид одамларга юзланиб, баралла хитоб қилди:
– Ҳамма уй-уйига! Тўй бўлмайди.
Уйдаги ўлик сукунатни Гулнознинг уч яшар ўғли Туралнинг ғўнғир-ғўнғир овози бузиб турарди. У қозон қопқоғини рул чамбарагидек айлантириб, ўзича машина ҳайдарди. Малак хола шифтга қараб ётар, Гулноз йиғлаганча унинг қўл-оёқлари, бошини уқалаб ўтирарди. Иқбол билан Ҳамиднинг поччаси Муҳаммад жим сигарет чекишарди. Ҳамид эса телевизордан кўзини узмас, қайсидир йўлдош каналдан берилаётган спорт мусобақасига маъносиз нигоҳларини тикиб ўтирарди.
Ҳамид ич-ичидан тошиб чиқаётган безовталикдан қандай халос бўлишни билмасди. Ҳар қалай тўғри иш қилмади. Оқибати яхшилик билан тугамаслиги аниқ. Лекин нимадандир хурсанд ҳам эди. Қизиқ, Амина бу можароларга сабабчи эканини билдимикин?
Телефон қўнғироқлари жонга тегиб кетгани учун боя Иқбол тармоқдан узиб қўйганди. Энди эса ўзи телефонни қўшиб, рақам терди.
– Алло, бу администраторми? Ҳа, тўй эгасининг уйиданмиз. Зал тўлди? Менга қаранг, тўй тўхтатилди. Нимасини тушунмайсиз? Йўқ, ҳазил-пазили йўқ. Тўй бўлмайди. Одамларга ҳам айтинг, тўй бўлмайди денг, нима фарқи бор сизга? Қайси пул? Ҳа, тушунаман, пулларни қайтариб олиш ниятимиз ҳам йўқ. – Иқбол чуқур уҳ тортди. – Ўн саккиз минг кетди энасиникига қараб… А, йўқ, сизгамас. Лаббай? Хонандаларни ҳам ўзингиз жавобини бераверинг. А? Ахир тўй бўлмади-ку? «Занят» қилган бўлсак пулини тўлаймиз? Ҳа, майли, лекин улар ҳам сал «скидка» қилишсин…