Сенга ишонаман. Ворис Йўлчиев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Сенга ишонаман - Ворис Йўлчиев страница 12
– Ўзи бўлмаса, онаси ғар, опаси ғар, билдингми? Бутун маҳалладагилар билади у машинадан тушиб, бунисига миниб юришганини. Бунисиям гўр бўларми-ди? Таппи сигирдан узоққа тушармиди?
Телефон тинимсиз жиринглар, аммо гўшакни кўтариш ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Малак хола энди йиғлай бошлади:
– Сизларни деб бу дунёда кун кўрмадим. Ўзим емай сизларга едирдим, киймай кийдирдим. Бир кун сизнинг ҳузурингизни кўраман деб ўйлагандим. Мана… ҳузур-ҳаловат бунақа бўларкан…
Гулноз ниҳоят телефонни кўтарди.
– Ҳа, хола, уйдамиз, ойим ҳам шу ердалар, ҳозир бераман… – Гулноз гўшакнинг оғзини кафтини тўсиб, акаси ва онасига юзланди:
– Ойи, Заррин холам, сизни сўраяптилар.
Малак хола сўнгги умид учқунлари милтиллаб турган кўзларини ўғлига қадади:
– Жон болам, онагинанг ўргилсин, дарду балойинг менгинага урсин! Майли, тўй қолдирилган бўлса, шунча пул куйган бўлсаям, садқаи сар. Бечора қизни бориб олиб келайлик. Кўзгинаси йўлга термилиб ўтирибди.
Ҳамид бир муддат жим қолди. Она-бола унинг инсофга келишини кутишганди. Бироқ…
– Йўқ, ойи, қарорим қатъий. Мен у қизни олмайман!
Ҳамид ётоқхонани ичкаридан беркитиб, севимли «ўйинчоғи» – «Макаров» тўппончасини ўйнаб ўтирарди. Бечора онаси! Не куйга тушди экан? Ахир у ҳам нима қилсин? Буни кўнгил дейдилар.
Кутилмаганда эшик тақиллади. Кейин эса шиддат билан гурсиллай бошлади.
– Қанисан, ит эмган? Чиқ бу ёққа!
Ҳамид қиз тарафдагилар эканини дарҳол тушунди. Дарҳол тўппончани чўнтагига беркитиб, эшикни очиши билан икки йигит хонага ўқдек отилиб кирди.
– Ифлос, бу нима қилганинг? – дея Ҳамиднинг ёқасидан олди йигитларнинг бири.
– Пул қутуртирдими сени, ярамас, – дея оғзидан тупук сачратди иккинчиси.
Ҳамид бу йигитларни энди таниди. Уларнинг биттаси Жамол, иккинчиси Жовид – Сабинанинг акалари эди.
– Болалар, бу нимаси? – уларни тинчитишга уринди Ҳамид. – Келинглар, одамга ўхшаб гаплашайлик.
– Сен… сен одаммисан? – унинг юзаги шапалоқ туширди Жамол.
– Синглимнинг номуси учун қонинг билан жавоб берасан, – дея унинг гарданига мушт туширди Жовид.
Хонага югуриб кирган Малак хола, Гулноз ва яна икки-учта қариндошлар уларни тинчитишга чандон уринмасин, ака-укалар тобора ғазаб отига минишарди. Бир зумда ҳамма ёқ остин-устин бўлиб кетди. Идиш-товоқлар ер билан битта бўлди. Ҳатто шифтга осилган қимматбаҳо қандил ҳам чил-чил синди. Кутилмаганда Жовид чўнтагидан тугмали пичоқ чиқариб, Ҳамиднинг қорнига суқди. Бундай ҳолатни ҳеч ким кутмаганди. Кўзлари ола-кула бўлиб кетган Ҳамид қип-қизил қонга бўялган кўйлаги устидан қорнини чангаллаганча букчайиб қолди:
– Единг-ку, аблаҳ!
Бутун хонани Малак хола ва Гулнознинг ваҳимали чинқириғи тутди.
ЕТТИНЧИ БОБ
Қундуз