келди: ўлади. Бу шармандаликдан кейин яшаб бўлмайди. Ўлади. Лекин ўзини ўзи ўлдирганлигини одамлар сезмаслиги керак! У ўлимнинг жуда кўп йўлларини қидирди…» Биз қаҳрамоннинг мана шу оғир ҳолатига ёзувчи тасвирида эргашиб кириб борамиз. Қаҳрамон ҳаётида юз берган таназзулга тушунамиз. Унинг фикрига, ўлимни бу вазиятда бирдан-бир чора сифатида танлаганига қўшилмасак-да, ундаги ҳиссий тарангликка ўз-ўзидан эргашамиз. Қаҳрамон ҳолатидаги таранглик бизга ҳам кўчади. Ёзувчи шу таранг ҳолатни яхши ҳис қилади, уни бадиий жиҳатдан ишонарли гавдалантиради. Биз қаҳрамоннинг ҳолатига кирамиз. У билан бирга автобусга тушиб, Оқтошга томонларга қараб кетамиз. Иттифоқо, Абдураҳмонга автобусда кичкина қизчани етаклаган ғоятда латофатли бир аёл ҳамроҳ бўлади. Иттифоқо, улар ўзаро суҳбатлашиб коладилар. «Абдураҳмон ўзининг кўзга яқинлигини, анча-мунча қизларга ёқишини билар, улар билан тезда тил топишиб кета оларди», деб изоҳ беради ёзувчи ва шундан сўнг тасодифий ҳамроҳ гўзал Лутфия билан бизнинг ўзини ўлимга чоғлаган қаҳрамонимиз ўртасида бироз шўх, бироз бачкана (бундай пайтларда бачканалик ҳам ўзи табиийдай бўлиб туюлади) ҳазил-ҳузуллар бошланади. Ва бир дамгина илгари далидунёси қоронғи бўлиб, ўзини чуқур чоҳга тушиб кетгандай ҳис қилиб турган, кўзига ўлимдан бошқа ҳеч нарса: на болачақаси, на ҳаёт, на хотини кўринмай қолган бахтсиз йигит энди фақат қизнинг гўзаллиги хусусида ўйлайди. Ўзи не аҳволда-ю, «Бунча гўзал бўлмаса, – деган фикр келди бошига. – Бунча гўзал…» деб ўйлайди Лутфия ҳақида. Бу гўзал жувон (унинг эри Оқтошдаги конда ишлаши маълум бўлади) Оқтошга етгунларича ҳам бўлмай ўлим ёқасидаги йигитни шунчалар ҳам мафтун қилиб қўядики, тоғнинг баланд чўққисига чиқиб ўзимни ташлайман, биров излаб топаман дегунча жасадим ҳам қолмайди деб кетаётган Абдураҳмон бирдан ўзгаради: «Лекин мана бу гўзал жувонни кўриб, у билан ҳамсуҳбат бўлди-ю, барча гапларни унутди. Гўё ҳеч нарса бўлмагандай. «Аблаҳ, – деди ўзига ўзи, шунча шармандалик етмагандай, яна бировнинг хотинига кўз олайтиряпсан-а! Шунча ғалвадан кейин қандай қилиб ишқибозлик қилоляпсан! Қандай қилиб шунча тез унутиб юбординг бўлиб ўтган ишни!» У ўзини ўзи койигани билан, – деб давом этади ёзувчи, – ҳаётининг жуда бемаъни ўтганини ҳис қилгани билан, мана шундай гўзал қизга ҳамроҳ бўлгани, унинг тўғри, самимий гаплари юрагига жиндай шуъла ташлаган, боя чоҳдай қоронғи ва тубсиз кўринган хаёллари шу шуъладан жиндай ёришган эди. Унга энди ўзининг ўлимга кетаётгани, мана шундай гўзаллар билан ортиқ кўришмаслиги, ўзининг ўлиб кетгандан кейин ҳам гўзаллар яшайвериши, кулиши, бошқаларнинг улардан баҳраманд бўлиши алам қиларди. Уйғониб келаётган худбин ҳислари ўлим ҳукмининг устидан кула бошлади». Гўзаллик қаршисида қаҳрамонимиз бирдан худбинга айланади. Ва унинг бундан кейинги ўйлари, қилиқларидан бачканагина мелодраманинг иси анқий бошлайди. Унинг бошига тушган савдо биз бу савдони боя жиддий деб ўйлаган эдик, ростдан ҳам, вазиятга кўра ўзини ва ўз қадрини, ҳақ-ноҳақнинг фарқини биладиган одам учун анча оғир эди. Қаҳрамон шу ғоятда оғир