жияк қурғур ҳам сотилмай қолганда, унга термулиб ўтирган оила не аҳволга тушиши мумкин? Жамила акаси муллавачча Умаралига шундай дейди: «– Жияк ўлгур сув текин кетди, эсиз меҳнатим. Буям майли-я, насияга олиб қолди Ойниса хола, пули йўқ экан. Танча устидаги чойнакни бошига кўтариб совуқ чойдан қулт-қулт ютди. Кейин рўмолини ечди-да, сочларини тузатиб қайтадан ўради… Умарали синглисига ҳам меҳр, ҳам қизғаниш ҳисси билан термилди. Синглисининг ингичка нозик қошлари остидаги шаҳло кўзларида мунг кўриб, ич-ичидан дард чекди». Мана шундай оғир муҳтожликда яшаётган халқнинг ўртасида, қишнинг оёқларида шов-шув мишмишлар тарқалади. Биров ишонган, биров ишонмаган, биров ёқа ушлаган, биров Некалайнинг шарпасидан чўчиб, оғзидан астағфуриллони қўймаган… Ҳеч ким ҳуррият деса ишонолмаган. Бу пайтда чилладан эндигина чиққан эшонлар мўйи мубораклару муборак тишлар ҳақида лоф уриб, халқнинг онгига заҳар қўймоқда эдилар. Гўё ҳурриятнинг илк хабари келганда, камбағал бечоранинг заҳил юзларига бир умр тегмаган нур ёйилганини, бойуламоларнинг башараларида ваҳима ва саросима акс этганлигини Ойбек ўткир қалам билан чизади. Унинг тасвирида дошқозондай қайнабтошиб, яқин борганни куйдириб турган замон киши кўз ўнгида аёвсиз рост бўёқларда гавдаланди. Улуғ йўлда бораётган меҳнаткаш халқнинг катта карвони ичида Ойбек муҳаббатга тўлиқ қалб билан тасвирлаган мунис ва садоқатли киз Унсиной, кўнгли севгининг тошқинларига, гўзал орзуларга тўла Зумрад, халқнинг манглайи инқилоб офтобидан ёришаётганлигини кўриб ўзида йўқ шод Умарали ҳам бор. Булар Ойбек романида оғир йўллардан ўтиб, ёруғ турмуш умидида борадилар. Шу аснода инқилобнинг акс садоси Тошкентнинг тор, биқиқ кўчаларига етиб келади.
Агар бугунги кун адабиётимиз ва айниқса, насримизнинг энг яхши намуналарига диққат билан қаралса, уларда мана шундай келажакка умид билан қараётган содда инсонлар образини яратишга рағбат ва майл жўш уриб турганлигини кўриш мумкин.
Ҳаёт кўп қаҳрамонлар етиштириб беради ва адабиёти шу қаҳрамонлар изидан боради.
Баъзи ақлли одамлар ўзларига ўзлари, нима учун биз тарихни севамиз? – деб савол беришади. Эҳтимол, биз тарихда боболаримизнинг нигоҳлари, қалблари, босган изларини севармиз. Биз тарихни қай замонда, қай тахлитда яшамайлик, у бизнинг ўтмишимиз бўлганлиги учун севамиз. Ўтмиш эса Расул Ҳамзатов айтгандай, халқнинг шаҳодатномаси ва паспортидир.
Бугун адабий суҳбатларимиз доирасига Назир Сафаровнинг «Наврўз» романи, Ойбекнинг «Алишернинг ёшлиги» повести, Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси», Мирмуҳсиннинг «Меъмор», Миркарим Осимнинг «Жайҳун узра булутлар» сингари тарихимизнинг турли даврларини акс эттирган асарлари кириб келди. Булардан ташқари, истеъдодли адибимиз, китобхонга жозибадор реалистик асарлари билан севимли бўлиб қолган Пиримқул Қодиров тарихимизнинг энг мураккаб даврларидан бири ва Темурийлар инқирозининг сўнгги фожиали дамларини ўз ичига қамраб олган, айни замонда юксак иқтидорли олим, шоир Мирзо Бобур ҳаёти ва образини эпик планда кенг таҳлил, тадқиқ қилган асари