Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Юрак - аланга: бадиалар - Иброҳим Ғафуров страница 31
Мен буни бир-икки китоблари чиққан дўстларимга танбеҳ учун айтаётганим йўқ. Одамнинг ўзига кўринмаган нарсалар четдан яхши кўринади, ҳар қачон иситманинг олдини олган яхшидир.
Бу заминда ҳеч қачон талантлар кам бўлган эмас. Бугун ёшлар адабиётига тинимсиз ғамхўрликлар қилиб туғилган бир шароитда ёшларнинг парвози ҳам кечагидан кўра баландроқ бўлиши, жилғалар дарёларга айланиши керак. Бу яхши истак билангина битадиган иш эмас. У зўр рағбат ва ғайрат билан бўлади.
АНЪАНАЛАРНИНГ ШАМОЛЛАРИ
Баъзилар дард ҳақида гапиришни, дард ҳақида ёзишни яхши кўрадилар. Баъзиларга эса бу сўз жуда ҳам нордон туюлади ва улар, албатта уни қўштирноқ аломати ичига олиб ишлатадилар. Мен қўштирноқ ичида дардлашиб бўлмайди деб ўйлайман. Қўштирноқ ичидаги дард дардга ўхшамай унинг киноявий негативи бўлади. Ундан кейин ижодкор фақат ўз хусусий дарди билангина яшайдиган одам эмас. У кўпроқ бошқаларнинг дардини ўз дардига айлантирган, бошқаларга қараганда умумга нисбатан дарддошлик туйғуси ўта ривожланган ва санъати билан инсон дардларини енгиллатишга чоғланган, шунинг масъулияти ҳисси билан тарбияланган шахс. Шунинг учун ҳам махсус бир ижодкор ёки аниқ бир асар ҳақида ҳам бемалол дардлашиш мумкин. Дардлашиш жонли фикр алмашиш демакдир.
Дунёда, инсон фаолиятида ва айниқса, санъатда умумнинг назарига молик бўлган нарсаларнинг бари доимо инсонда мавжуд айрича сифатларнинг ҳаракатга киришидан яратилади. Бу ҳаммага маълум. Бунинг ўз номи бор. Бунда истеъдод назарда тутилади. Истеъдодгина бир ижодкорни иккинчисидан фарқлайди, у инсон боласига табиат томонидан берилган ноёб неъмат. Шунинг