Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Юрак - аланга: бадиалар - Иброҳим Ғафуров страница 36
Шоир Омон Матжоннинг шеърларида инсон асрий зулматларни қўлида машъал билан тиликлаб бораётган, дунёни ёруғроқ, ободроқ қилишга ўзида зўр бир эҳтиёж сезиб турган, ернинг кемтигини юрагининг қўри билан тўлдиришга интилаётган маърифатли, инсонпарвардир.
Шоир Жамол Камол эса инсонга мардона бир қарашни тарғиб қилади. Шу нуқтаи назардан у «Файласуф билан суҳбат» деб аталмиш шеърида ношудликка қарши кучли бир нафрат билдиради. Унинг назарида душмандан ҳам кўра ношуд инсон ёмонроқ бўлиб кўринади. Инсон мағрур ва мақсад йўлида ғайратли, шижоаткор бўлиши керак.
Ўзи амр этсаю, этмаса бажо,
У шўрлик ношуддир… минғирлар фақат.
Ғолибсан, ўзингга бўлолсанг ғолиб,
Амр этиб киролсанг ўзинг оловга.
Зотан, оламнинг қиёфаси шуларнинг жамидан ўзгаради. Боя айтганимиздек, жамият ичида, унинг ишларига томошабин бўлиб яшаш ёмон. Оламдан умр бўйи бошқалар қилаётган катта ишларга томошабин бўлиб ўтиш ёмон. Бошқалар қилсин, бошқалар йўл солсин, сўнг биз борамиз, борганда ҳам катта чўмич кўтариб борамиз, дейдиганларнинг мумсик фалсафасига қарши чиқади шоир. Бу тирик оламнинг кам-кўстини оҳ-воҳлар билан эмас, фаол иштирокчи, фаол ижодкор бўлибгина битказиш мумкин. Ваҳоланки, баъзан бўлар-бўлмас ҳар нарсадан минғирлаб юрадиганларни учратиб қоламиз:
Минғирлаб юради баъзи бир инсон…
Ёниқ бир эътироз унга бегона,
Ёниқ бир эҳтирос унутилган туш,
Ҳамиша булутли, бенур пешона,
Қувончи хомуш-ку, ғами ҳам хомуш.
Кўнгилларига яратиш иштиёқи бегона бўлган бу одамларнинг пешонасида фикр чироғи ёнмайди. Фикр чироғи ёнмаган одам эса хомуш бўлади. Бу муте хомушлик. Шоир таъбирида улар юракдан чиқариб «хўп» ҳам деёлмайдилар, лекин шуниси ҳам борки, қатъий туриб «Йўқ!» деб ҳам айтолмайди бу бечоралар. Мана шундай аянчли бир одамга биз Нормурод Нарзуллаевнинг шеърида ҳам дуч келамиз. Бу энди ўз ношудлигини бадқовоғи билан яширади:
Баъзилар бор
Қовоқ солиб юришар.
Қор ёққанми дейсиз қовоқларидан.
Эт жунжийди
Лаблар бирдан буришар,
Бундайлар-чи, сояси-ла уришар,
Нелар боркин калла-қовоқларида?
Шоир одам боласининг чеҳрасига офтобнинг нури ярашади, шу нурдан ўзини ўзи мосуво қилган киши эзгуликдан йироқ бўлади, дейди.
Умуман олганда, шоирнинг кўзлари уфқларда бўлгани яхши, чунки уфқларда ўзига севимли қаҳрамонларни, оламда бўлаётган юрагига яқин ўзгаришларни ва бугуннинг заминида туриб келажакни кўради, уфқлар унинг қалбини илҳомли нафас билан тўлдиради. Унинг ижодкор сифатидаги хатти-ҳаракатларига