Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Юрак - аланга: бадиалар - Иброҳим Ғафуров страница 41
Ишқнинг тили Шарқда оташин лофлар тилидир. Эркин Воҳидов ўз ғазалларида шу тил элементларидан ҳам усталик билан фойдаланади ва ўқувчисини ўз қаҳрамонлари дардига шерик қила билади. Анъанага янги нафас бағишлайди. Унинг ғазаллари кенг таралганининг сабабларидан бири ҳам мана шунда.
Улуғ шоир Лермонтов «Йўқ, мен Байрон эмасман!» деб ҳайқирганда ҳам, анъанага муносабатини билдирган ва ўз овозининг янгилигини, бошқаларга ўхшамаслигини тасдиқлаган эди. Бундай новаторлик ҳиссиётини адабиётимизнинг барча атоқли намояндаларида ҳам кўриш мумкин. Улар ўз бахтларини халқнинг бахтида кўрган лирик қаҳрамон типини яратдилар. Шахс уларнинг асарларида тарихни ҳаракатга келтиради. Лекин у ўзини халқ ҳаракатидан ажратиб кўрсатмайди, балки ўз фаолиятини халқ фаолиятининг бир қисми, узвий ҳалқаси деб билади.
Мана шу тўлқин адабиётимизнинг ёш авлоди ижодида ҳам давом этаётгани қувонарлидир. Олтмишинчи йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб адабиётга кириб келган ва ҳозирда икки-уч китоблари чиққан ёшлар жуда кўп. Бугунги шеъриятимизда Жамол Камол ўз услубининг ёрқинлиги ва рангинлиги билан, Омон Матжон шеърининг хуш оҳанглари, майин замзамалари билан, Гулчеҳра назмининг самимияти ва дилбарлиги, Ойдин ижодининг тиниқлиги, Муҳаммад Али фикрчанлиги, Рауф ёниқ ва дардли эҳтиросга тўлиқлиги, Ҳалима оташин қатъияти, янги мавзулар, янги шакллар топиш йўлидаги саботи билан танилиб, тан олиниб турган шоирлардир.
Уларни бугун ёш шоир деб атамоқ ҳам тўғри келмай қолди. Ёзувчилар сафига расман қабул қилинган адиб жамоатчилик кўз ўнгида ўз иқтидори ва салоҳиятини тасдиқдан ўтказган, ўз оригиналлигини намойиш қилган ижодкор саналади. Китобхон учун суюкли бўлиб қолган юқоридагидай шоирларда, менингча, адабиётимизнинг катта авлодига хос шижоат ва ижодий шитоб аён бўлиши керак. Тўғри, уларни кам маҳсулликда айблаб бўлмайди. Вақтли матбуот саҳифаларида ва нашриётларда уларнинг асарлари тез-тез босилиб турибди. Бироқ очиғини айтиш керак. Улар илҳомининг алангаси ҳали катта гулханлар алангасидай ловуллаётгани йўқ. Замонанинг бугунги масштаблари катта. Бу шоирларимизнинг шеърларида эса инсон, замин, замона ҳақида янги кашфиётлар, янги йўллар очадиган, том маънодаги янгилик деб баҳоланадиган тароналар орзу қилингандан кўра камроқ учрамоқда. Салоҳияти ва шоирлик ҳадди ҳеч кимда шубҳа туғдирмайдиган бу ижодкорларнинг кўплари ўттизнинг этагидан, ёшликнинг этагидан чиқди. Демак, бу ёғи камолот шотисини шеъриятнинг муаззам чўққиларига кўтармоқликнинг айни