Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Юрак - аланга: бадиалар - Иброҳим Ғафуров страница 9
Сўздек мурувват, карам ва муҳаббатга эҳтиёжманд нарса йўқ. Талантнинг юзини ҳам шулар очади, шулар унинг кўзларига нур, хаёлига қувват, интилишига илҳом бағишлайди.
Замонавийлик, замонавий мавзулар, айниқса, очерк ва бадиий публицистикада ёрқин акс этади. Воқелигимизнинг муҳим ҳодисалари ортидан изма-из борувчи бу фаол жанр намуналари «Шарқ юлдузи», «Гулистон», «Меҳнат ва турмуш», «Саодат» сингари журналлар, республиканинг марказий газеталарида кўплаб босиб борилмоқда. Уларда пахтачилик, саноат, маданий ҳаёт, илм-техника янгиликлари ва шу янгиликларни яратаётган кишилар ҳаёти акс эттирилмоқда. Назир Сафаров, Миртемир, Зулфия, Раҳмат Файзий, Ҳаким Назир, Йўлдош Шамшаров сингари катта адибларимизнинг бултур эълон қилинган очерклари шундан далолат беради. Замондошларимизнинг ёрқин сиймоларини бадиий гавдалантириш жиҳатидан Суннатилла Анорбоевнинг Зарафшон кончилари ҳақидаги «Ўзбекистон олтини», Амударё ва Орол денгизи истиқболини ёритган Жонрид Абдуллахоновнинг «Хазина ғойибдан келмас» каби очерклари жанрнинг яхши намуналари саналса арзийди. Бу очеркларни ўқиганда, одам чинакам бадиий завқ олади, муаллифларнинг ўзлари кўтараётган долзарб масалаларга бўлган эҳтиросли муносабати яққол билиниб туради. Бу очеркларда мавзуга тарихан кенг назар билан ёндашилади, тарихий қиёслар келтирилади, юз бераётган ҳодисаларнинг истиқболи ҳақида илмий мулоҳазалар юритилади. Буларнинг бари таҳсинга сазовордир. Лекин очерк ва публицистиканинг