Мангу латофат: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Мангу латофат: бадиалар - Иброҳим Ғафуров страница 18
Борми сенда ўксуз, йўқсилнинг қонин
Гурунглашиб – чоғир каби ичганлар?
Борми сенда бутун дунё тузугин
Ўз қопчиғин тўлдиргани бузганлар?
Борми сенда бир ўлкани ёндириб,
Ўз қозонин қайнатгучи хоқонлар?
Фитрат бу саволларига Миррихдан жавоб ололмайди. Жавоб саволларнинг ўз ичига яширинган эди. Бирор миллат тарихда харобликка учраган бўлса, бунинг ўз ички ва ташқи сабаблари бўлади. Ички ва ташқи сабабларнинг залварини солиштирсангиз, албатта, ҳар қандай ҳолда ҳам, ички сабаблар устунлик қилганини кўрасиз, кузатасиз. Ташқи сабаблар ички сабабларга чамбарчас боғланган. Душман ички сабабларни жуда яхши ўрганиб, ўз ғалабасига тўла ишонч ҳосил қилгачгина босқинчиликка журъат этади. Ички сабабларингиз бўлмаса, билингки, душман сизни ҳеч қачон енголмасди.
Фитратнинг онги жуда эрта кўз очди. Онгнинг очилиши миллатнинг аҳволига боғлиқ. Миллатнинг аҳволини қанчалар англаганига, қанчалар тўқнашганига, қанчалар буларни ҳис қилганига боғлиқ. Фитратнинг онги очилди деганда, унинг миллат аҳволига онги очилганини назарда тутмоқ керак. Миллатнинг аҳволига очилган онг ўз даражасига кўра жуда кучли йўналган онгдир. Бу гапларни Фитрат ўн тўққизинчи йилда айтяпти. Лекин бу гапларни у 1909 йилда ҳам айтган. Ўшанда у юраги ва онгини ўртаган фикрларни айтиш учун фаранг ва бухоролик мударрис мунозарасини ўйлаб топган эди. У мунозара билан Миррих мунозараси ўртасида ўн йил ўтган. Мунозара руҳи ва мавзуси ўзгармаган, лекин кучайган, ижтимоий жиҳатдан янада шиддатли тусга кирган. 1909 йилдаги мунозарага ҳали бирмунча батафсил тўхталиб ўтамиз. Лекин унгача эътиборли бир адабий фактни яна қайд қилиб ўтсак, ортиқча бўлмас. Бир томондан даврнинг ўзи қаттиқ мунозарага чорларди. Мустамлака бўлган ўлкалар қуллик ва қарамликдан қутулиш имконига эга бўлган эдилар. Асрнинг биринчи чорагида кетма-кет бўлиб турган ғалаёнлар ва инқилоблар одамлардагина эмас, кўпгина халқларда ҳурлик иштиёқини уйғотган ва бу иштиёқ йил ўтган сайин тобора жўш урарди. Бухородан жўшган овозга водийдан бошқа бир жўшқин ва ниҳоятда ўктам овоз жўр бўлди. Чўлпоннинг 1920 йил августда ёзилган «Ёруғ юлдузга» деган шеърини эслатмоқчиман. Фитратнинг ҳам, Чўлпоннинг ҳам юлдузга мурожаат қилган шеърлари «Ўзбек ёш шоирлари» мажмуасида босилган.
Чўлпон ёзади:
Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла
Оталарнинг тарихдаги хатосин.
Шул хатодан осуфланиб, ёвларнинг
Эл кўксида сурган ишрат сафосин…
Чўлпон Фитратга бу ерда очиқ пайравлик қилади, унинг овозига очиқ онгли жўр бўлиб чиқади. Худди Фитрат каби юлдузга «гўзал юлдуз» деб мурожаат этади, «сўзла юлдуз», деб Фитратнинг даъватини такрорлайди. Фитрат сингари юлдузга кетма-кет шиддатли саволлар ташлайди.