Яшил кеча. Рашод Нури Гунтекин
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Яшил кеча - Рашод Нури Гунтекин страница 15
Онадўлида фикрларнинг қолоқлиги, инсонларнинг аянчли аҳволи, ишларнинг ёмон кетиши – ҳаммаси шунинг оқибати эди.
Шоҳин хўжа мамлакатнинг ибтидоий мактабларини кезди. Улар ҳам мадрасанинг парчасидан бошқа бир нарса эмасди. Қуёшли кўчалардан, соя-салқин водийларнинг атрофларидан олиниб бу ерга қамалган болаларга юраги ачий бошлади. Бу таҳсилдан кейин нима бўлишларини ўйлади. Буларнинг энг жонлилари таҳдидларга, таёқларга ҳам қарамасдан бу севимсиз кулбалардан қочар, тупроққа қайтар эдилар. Қолган бир қисми бўлса, Абжад сингари на ўликка ва на тирикка ярамайдиган шундай нарсаларни билиб олишардики, бунда ўзларига ва атрофидагиларга зарардан бошқа бир нарса келмас эди. Кейин бу болалар улғаяр, оталарининг, акаларининг ўринларини олар эдилар. Аммо мия жиҳатидан улардан қилчалик фарқлари бўлмас эди. Улар ҳам шу, ҳозиргилар сингари нима ўйлашларини, нима қилишларини билмас, зарарли ўтлардай ўсган ерларида ўсиб қурир ёхуд катталарнинг ўша Истанбулда минг турда кўрсатадиган фитналарига, манфаатларига восита бўлар, қўй сурувларидай ғоясиз ўлимлар сари ҳайдалар эдилар…
Шоҳин домланинг болаларга бўлган муҳаббати ва марҳамати кундан кунга катталашди, кенгайди, бутун мамлакатга ёйилди ва ниҳоят, бир кун яшил қўшиннинг бу мағлуб аскаридан бошқа бир ғоявий фикр қўшиннинг оташли бир кўнгиллисига айланди, яъни бошланғич мактаб ўқитувчиси бўлди.
III
Шоҳин афанди Сомунжуўғли мадрасасидан чиққандан кейин, кўчаларда узоқ вақт айланиб юргач, эски Дорулмуаллимин биноси олдига келди.
Бу ер энди мактаб бўлмагани учун ичкарига кирмади. Асосий эшигининг қоқ қаршисидаги деворнинг тагида тўхтади. Саржадан тикилган янги костюми чанг бўлганига аҳамият бермасдан орқаси билан деворга суянди.
Машрутиятнинг иккинчи йили эди. Фақат идора қилиш усулини ўзгартириш йўли билан бир мамлакатни қутқазиб қолишнинг иложи йўқлиги яққол сезилиб турарди. Газеталар «Муаллимлар қўшини» деган таъбирни32 тез-тез қўлламоққа бошладилар. Бу қўшиннинг ҳарбияси ҳисобланган Дорулмуаллиминга қизиқиш катта эди.
Қайд ва қабул кунларида бу бино бамисоли арининг инидай ғувилларди. Мактабга киришни хоҳлаганлар орасида Шоҳин афандига ўхшаган талайгина саллали кишилар ҳам бор эди.
Шоҳин, кейинги йиллардаги лоқайдлигига қарамай, Сомунжуўғли мадрасасининг энг кучли талабаси эди. Шаҳодатнома олишига бир йил бор эди. Сомунжуўғлидан кетиб, Дорулмуаллиминга киришга қарор қилганини айтганида мударрисларнинг жони чиққан эди. Келажакда ҳақиқат учун курашиб, уларнинг юзини оқ қилувчи бу талабани қўлдан чиқаришни истамас эдилар. Баъзилари унинг бу қарорини маслакка хиёнат деб ҳисоблар, баъзилари: «Модомики, бошланғич мактаб ўқитувчиси бўлишни истар экансан, бир йил яна кут, шаҳодатномангни ол!» – дер эдилар.
Шоҳин уларга ҳам, ўртоқларига ҳам қулоқ
32
«Муаллимлар қўшини» деган таъбирни – Иттиҳодчилар инқилобидан кейин мамлакатда қисман халқ маорифи реформага учраган эди. Диннинг халқ маорифига бўлган таъсирини камайтириш ниятида мамлакатда замонавий мактаб лар очилган эди. Расмий ибтидоий мактаблардан ташқари вилоят ва шаҳарларда ўрта мактаблар, гимназиялар ташкил этилганди. Бу мактабларга ўқитувчилар тайёрлаб бериш учун Туркияда 1910 йилда эркаклар ва аёллар учун алоҳида-алоҳида ўқитувчилар институтлари очилганди.