Қисмат тарозуси. Б. Омонова
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қисмат тарозуси - Б. Омонова страница 5
Бу борада иккинчи қиладиган ишим экспертлар чақираман, барча дастгоҳ ва ускуналарни, асбобларнинг яроқли-яроқсизлигини аниқлаб чиқаман. Улар ўрнига хориждан янгиларини буюртма қилиб қисқа вақт ичида ўрнатишга ҳаракат қиламан.
Махсус тест орқали ходимларнинг қобилиятлари даражасини аниқлайман ва хорижга малака оширишга жўнатаман. Бу узоқ вақт талаб қилмайди.Улар ўн-ўн беш кун ичида ўз соҳаларига оид янгиликлардан батамом хабардор бўлиб келадилар. Кейин эса галдаги гуруҳ жўнайди. Бу ишни мунтазам йўлга қўяман. Ундан кейин шунга ҳаракат қиламанки, бу ерда телевизорларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чикаришни ҳам йўлга қўйиш керак. Албатта, бу секин-секин амалга ошириладиган иш. Кейин эса ходимлар иш ҳақини кўпайтириш, мукофотлар таъсис этиш, ташқи томондан эса енгил автомобилларни таъмирлаш учун жой ташкил этиш. Ўшанда ишчи ўринлари икки бор кўпаяди, анча одам иш би-лан таъминланади, хуллас, инсонлар эҳтиёжи учун энг керакли, намунавий корхонага айлантирмоқчиман бу ерни. Мана менинг мақсадим.
Албатта, буларнинг барчасига эришиш учун бир мунча вақт талаб қилинади. Бироқ энг асосийси ўз юртимда бажараётган бу ишларимнинг барчаси менга чексиз ҳузур-ҳаловат бағишлайди.
– Ишларингизга чин дилдан муваффақиятлар тилайман, – унинг келгуси режаларидан кўнгли тўлиб қойил қолганини яшириб ҳам ўтирмади, – мен эртага тушликка сизни уйимга таклиф қилмоқчиман. Хонадонимиз меҳмони бўласиз. Бундан оиламдагилар ҳам хурсанд бўлишади.
Шундай дея у Ибратнинг қўлларини маҳкам қисиб хайрлашди. Унча-мунча одамни писанд қилмайдиган, ишига ўта пухта, ўз фойдаси учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бу такаббур одам негадир шу топда унинг олдида ўзини ожизона ҳис этар ва зўр бериб билдирмасликка ҳаракат қиларди.
Ўз ишларининг тез илгари кетишида бу инсоннинг ёрдами катта дея билаётган Ибрат юрагида унга нисбатан фақат олижаноб муносабатлар, дўстона туйғулар уйғонаётганди. Шунинг учун келган куниданоқ феълига сингиб кетган ҳақиқий дўст, таниш-биродарлар орттириш мақсадида юрган йигит унинг таклифини чин дилдан қабул қилди.
Йигит унинг хонадонига кириб бораркан, ниҳоятда дидли ва бежирим услубда қурилган уйга бир-бир қизиқиш билан назар солди. Ахир шундай тартибли ва гўзал уйда қалбан ҳам чиройли инсонлар яшайди-да, дея ҳаваси ортиб борарди. Кираверишданоқ уй соҳибининг ўзи уни ўта илтифот билан кутиб олди ва меҳмонхонага бошлади. Меҳмон кутиб ўрганган мезбон гапни-гапга улаб бошиданоқ уни зериктирмасликка ҳаракат қилар ва буни уддалаётганди ҳам.
– Хуш кўрдик, хуш кўрдик, Ибратжон. Илтимос, ўзингизни худди уйингиздагидек ҳис қилинг. Истасангиз, сизга ҳақиқий ўзбекона мумтоз қўшиқлар қўйиб беришим мумкин. Бу ғазалларни тинглаш жон-дилим. Замонавий эстрадага қарши бўлмасам-да, бироқ улар асло бизнинг тенгсиз бўлган бу қўшиқларга бас келолмайди. Қаранг-а, «Чўли Ироқ», «Соҳибқироним»