Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 42
Қўрғонга бир зумда етиб борган Саида тарвузи қўлтиғидан тушгандек шалпайиб, туриб қолди. Ҳалиги кўринган нарса сигир эмас, ағанаб ётган девор харобалари экан.
Бағрини ердан узаётган ҳалиги туман, эринчоқлик билан суза бошлади… Сарғиш қор бултурги тиканакларнинг уч-учларига ўрнашиб, эндигина ўсиб келаётган нозик майсаларни савалаб, уларни ўз оғирлиги билан эгиб, кўмиб ётган эди…
Саида кечқурун чарчаб-ҳориб, аранг овулга етиб келганда, Тўтиойларнинг сарой эшиги ҳали ҳам эрталабгидек ҳувиллаб, карракдек очилган бўйича турарди.
Уйда бўлса куни бўйи ўпкаси тўлиб йиғлаган боласи кўзи оқига айланиб, ҳиқиллаб ётган эди. Худди аксига олгандек, Саиданинг тошдек қотиб кетган сийнаси гарчи тўлиб тургани билан, боланинг оғзига солиб эмизса ҳам, бармоқлари билан сиқса ҳам анча вақтгача ийимай қўйди. Саида ўзини ҳам худди тери сергимай эгари олиниб, туни билан эшикка боғлаб қантариб қўйилган от каби совуқ еб, жағлари қаришиб қолгандек ҳис қиларди. Ҳувиллаб ётган уйнинг бир бурчагида қўлида боласи билан Саида мунғайибгина ўтирарди. Кейинчалик Саида уйқу босган болани бешикка белади-да, ечинишга ҳам ҳафсаласи келмай, ўтирган ерига мукка тушганича ётиб қолди.
Ярим кечада дераза чертилди. Саида сесканиб кетиб, бошини юқори кўтарди ва: “Сен кимсан?” – деб қичқириб юборишига сал қолди. Лекин унинг Исмоил эканлигини фаҳмлаб, баттарроқ чўчиб кетди: “Азбаройи Худо, овул тўс-тўполон бўлиб ётганда, уни яна қандай шамол ҳайдаб келди!” Саида тура солиб, шошилинч равишда эшикни очди-да, тез-тез шивирлай бошлади.
– Тезроқ бўла қол, овулда аҳвол ёмон!
Саида илгакни осиб қўйиб, қоронғида Исмоилни ичкари уйга етаклаб кирди. Сўнгра дераза пардаларини тўсиб, пиликни ҳали ёқмаган ҳам эдики, алланарса гурс этиб Исмоилнинг қўлидан ерга тушди ва у билан бирга Саиданинг юраги ҳам “жиз” этиб тушгандек бўлди. Саида дарҳол энкайиб, ерда ётган тўрвани сийпалай бошлаган эди, қўлига қандайдир юмшоқ нарса илинди. Бундай қараса, тўрвадаги гўшт экан.
– Хўш, бу сизмидингиз? – деди Саида шу заҳоти томоғи қақраб, бўғиқ овоз билан.
– Жи-им! Нафасингни чиқарма! – Исмоилнинг кўзи қоронғида ўтдек чақнаб, Саиданинг ёнига келди-да, унинг юзи аралаш оғир нафас олди: – Дамингни чиқарма, ишинг бўлмасин!
Саида жим турарди. Назарида аллаким уни кўкрагидан итариб юборди-ю, йиқилаёзгандек ўтирган жойида ерга таяниб қолди. Саида шу топда гўё ўзини ҳаётдаги севимли кишисидан ажралиб қолгандек, азоб-уқубатлар чекиб, кўз қорачиғидек ардоқлаб сақлаган меҳрибон кишиси унинг бутун умид ва орзуларини топтаб, ер билан яксон қилгандек ҳис этар ва ўрнидан тура солиб югуриб, боши оққан томонга – қирни қир демай, сойни сой демай фарёд кўтариб, қичқирганича ёруғ дунёдан безиб, аллақаёқларга қочиб кетгиси келарди. Бироқ