Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Танланган асарлар: Қиссалар - Чингиз Айтматов страница 48
Жамила ботиб бораётган қуёшдан кўзини узмай, индамай қолди, кейин гўё менга эмас, ўзига гапираётгандек яна шундай деди:
– Бундай кишилар кўнглингдагини билармиди… Буни ҳеч ким билмайди. Худо билсин, бундай эркаклар дунёда йўқдир ҳам!
Мен аравани қайтаришга ҳам улгурмасдан қарасам, Жамила аллақачон нариги томонда ишлаётган келинлар олдига югуриб бориб, улар билан чақчақлашиб қувалашиб юрибди. Оловдек товланиб турган кечки шафаққа қараб кўнгли очилдими ёки бугун яхши ишлаганидан хурсанд бўлдими, билмадим, ҳарқалай, кайфи чоғ эди. Хашак ортилган арава устида ўтирар эканман, Жамиланинг қўлларини кенг ёзганча оппоқ дуррасини ҳилпиратиб чопиб бораётганини кўриб, кўнглим анча таскин топди: «Ҳа, Усмон ўзи киму, унинг сўзи нима бўларди?»
– Чуҳ, жонивор, чуҳ! – деб отга қамчи урдим.
Бригадир Ўрозмат оға айтгандек, сочимни олдириб кетайин, деб отамнинг устахонадан қайтишини кутдим. Лекин у келгунча бекор ўтирмай, деб Содиқ акамнинг хатига жавоб ёздим.
Дарвоқе, хат ёзишда бизларнинг ўзимизга хос бир таомилимиз бор. Армиядаги акаларим хатни отамнинг номига ёзишарди, почтальон бўлса уларни онамга берарди, хатларни ўқиб бериш, уларга жавоб ёзиш менинг вазифам эди. Хатни ўқий бошлашим биланоқ, унда нималар ёзилганини дарров билиб олардим. Чунки ҳамма хатлар эгиз қўзилардек бир-бирига ўхшарди. Содиқ акам ҳар доим хатни «Соғинчли салом хат» деган сўздан бошларди. Кейин: «Етиб маълум бўлсинки, у томонда, яъни гуллаб-яшнаётган Толоснинг салқин ҳавосида соғ-саломат, ўйнаб-кулиб юрган жондан азиз, меҳрибон отажоним Йўлчибойга» – деб саломни отамдан бошларди, кейин катта ойимни, сўнгра ишчан ойимни, ана ундан кейин қавмқариндошларимизнинг соғлигини сўраб, энг охирида: «шунингдек, хотиним Жамила ҳам эсон-омон юрибдими?» – деб бир оғиз қистириб ўтарди.
Ота-онаси, қавм-қариндошлари турганда дастлаб хотинини эсга олиш, хатни унинг номига ёзиш одобдан эмас, албатта. Бу нарса фақат Содиққа эмас, балки умуман эркак зотига тўғри келмайди. Бироқ биз шу икки энли хат олиб турганимизга ҳам минг қатла шукур қиламиз, овулдагилар учун бу бир катта бахт эди. Ойим хатни менга икки-уч марта ўқитиб олгандан кейин қозон-товоқ, иссиқ-совуққа уравериб ёрилиб кетган қўлларига олиб, гўё учириб юборишдан қўрққандек уни авайлаб учбурчак қилиб буклаб қўярди.
– Ээ, тумордек хатларингдан онанг айлансин, – дерди у кўзига ёш олиб, оғир хўрсиниб. – Ота-она, қариндошларнинг аҳволини сўрайди-я! Ахир биз уйдамиз-ку, бизни жин урармиди! Бахтимизга, ишқилиб, сизлар омон бўлинглар, Худо ўз паноҳида сақласин. Икки энли хат ёзиб, соғ-саломат юрибман, деб қўйсаларинг, шунинг ўзи ҳам катта ғанимат.
Ойим хатга яна бир оз термилиб қараб турарди-да, сўнгра уни сандиқдаги хатлар сақланадиган халтачага яшириб қўярди.
Агар шу пайт Жамила уйда бўлиб қолса, у ҳам хатни бир карра ичида ўқиб чиқарди. Жамила ҳар сафар хатни қўлига олиши билан ўз-ўзидан қизишиб кетар, уни ҳарислик