ТАНЛАНГАН АСАРЛАР. Нурмуҳаммад Исроилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу ТАНЛАНГАН АСАРЛАР - Нурмуҳаммад Исроилов страница 54
Йиғлар бўлсанг мен кулмасман, кулмасман, санам.
Нозли бир илтижо, майин эркалаш,
Оташни бир шивир, масиҳвор нафас,
Гоҳ бемажол руҳни – мудроқ ҳамда ғаш —
Ҳушёр этади-ю, ғафлат бўлур бас.
Мен ҳам ўз галида ним карахт ётган
Сўзларни ўрнидан зуд турғизаман.
Ухлолмай беором тўлғонаётган
Дунё суратини дардли чизаман.
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Биласиз ўрин йўқдир чучмал навозишларга.
Кун-кеча хабар келди: биргина Боннда ёлғиз
Уч юз минг исёнкор жон чиқмиш намойишларга.
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Қўшилинг ахир букун шу шавкатли сафларга.
Беҳадик, қомати тик аскар бўлиб борингиз,
Сизларни узатгайман мен жанговар сафарга.
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Дунёда яхшиларга мунис бўлинг, қадрдон,
Сиз – ёп-ёруғ чароғим, йўлчи юлдузларимсиз,
Шўълангиздан манзилим уфқлари чароғон.
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Ғафлат жодугарининг кўзини ўйинг буткул.
Тириклик гулларини уйғотиб елдай тинсиз,
Ўлим яроғларини ухлатиб қўйинг буткул.
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз…
Туннинг осмонидан мўлтирайди жим
Биз ғазалга солган ой – моҳитабон.
Нимадир дегиси келадир балким,
Куйлагиси келар, бироқ безабон.
Тушунади ахир ўзича ҳар ким
Дарча ортидаги булбул ноласин.
Бу оддий бир эрмак эмасдир балким —
Шодликка кўмгувчи инсон боласин.
Вақт чопар бизларни қолдириб доғда —
Учгану нишонга етмайдиган ўқ.
Ўчмас чақин бўлиб ёнар қароғда,
Ҳали бир калима деганича йўқ.
Ўтлар ловасида балким – илтижо,
Бизларга ноаён бир айюҳаннос:
Тинчлик машъалидан ёрисин дунё,
Лек, хилқат оловда қолмасин гуррос.
Не бахтки, на фақат қўшиқ айтгали,
Ўзни санагали на фақат якто,
Шунчаки, кўрганда саломлашгали
Бизларга бийрон тил этилган ато.
Не бахтки, на фақат севгидан кўркам
Сўзлар сўзлагани оташин, равон,
Муқаддас нафратни англатгали ҳам
Биз – бани башарга берилган забон.
“Қизил китоб очган ҳушёр одамлар,
Асраб – суямаса, бири-бирини,
Шу комил тил билан тушунмаса гар,
Не наф васф этмакдан забон сирини.
Десангки, офатлар тушмасин бошга,
Қулоқ эшитмаган ва кўрмаган кўз —
Заволлар етмасин десанг қуёшга,
Энг соҳир қуратга айлангил, эй Сўз!
ПАРВОНА
Тили йўқ парвона – шу фидойи жон
Безовта парпирар ўт теграсида.
Балким бу фалокат – унга ноаён,
Бу борада балким у – норасида.
Нурга тегинсин деб кўзимда қароғ,
Тўлсин