МАНГУ АФСОНА. Ҳусан Мақсуд
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу МАНГУ АФСОНА - Ҳусан Мақсуд страница
…Жуда кўп таркибий қисмлардан ташкил топган бадиий адабиёт ўқувчи томонидан ўқилиб, ҳис этилиб, англаниб олингандагина эстетик-маънавий таъсирга эга бўлади. Ҳис этилмаган, англанмаган гўзаллик киши қалбида тозариш, нурланиш пайдо қила билмайди. Зотан, бирор математик формула ёки кимёвий бирикмани билиш-билмаслик инсон моҳиятини ўзгартирмайди, аммо бадиий сўз жозибаси ва мантиқий қудратини ҳис этган одам ҳам, уни ўраб турган олам ҳам бошқачароқ бўлиб қолиши аниқ. Бадиий сўздан бехабар одамнинг руҳияти тамкин бўлиши душвор…
…Бадиий матнни тўғри тушуниш, унинг турли жиҳатлари юзасидан асосли тўхтамга келиш учун, аввал, ёзувчининг инсон ва ижодкор сифатидаги позитсиясини англаш керак бўлади. Бунинг учун эса ижодкорнинг ҳаёт ҳодисалари, инсонлараро муносабатлар ва ижтимоий воқеликка муносабат йўсини билан таниш бўлиш талаб этилади. Ҳар бир ижодкор ҳақидаги энг тўлиқ ва тўғри маълумотни унинг битганлари беради. Зотан, бадиий асарда адиб шахсияти, у ўсиб вояга етган муҳит, истеъдоди йўналишиакс этади. Талант БЕК шахси шаклланишига уни ўраб турган муҳит, яшаш тарзи, қизиқиши, саёҳатлари каби қатор жиҳатларнинг таъсир ўтказгани ғайриоддий ҳол эмас – бир жамиятда яшаб туриб, ундан ташқарида туриш имконсиз…
…Сўнгакларим қақшар. Сўнги ғалаён –
Муқанна қонида. Сарҳадсиз фалак…
Шоирлар сотилган. Бари чалажон
Булутлар пойида… Изғидим ҳалак…
…Талант БЕК улғаяётган палла Ватан кескин ўзгаришларни бошидан кечирган, кимнинг аслида қандайлиги ҳали номаълум бўлиб турган пайтлар эди. Яшашдан мақсад энди нима бўлиши, унга қандай йўлдан борилиши, қай воситалар ёрдамида эришилиши қатъий белгилаб олинмаганди. Бугуни ва эртаси ҳақида аниқ тўхтамга кела билмаган эди. Бу Талант БЕКни ўзини таҳлил қилиш, баҳо бериш ва холис ёндашишга одатлантирди:
Ўзимни қилдим фош. Ўздан жудоман.
Япроқлар саргашта. Шамол елкадош.
Сасим худодандир. Жоним худодан,
Нурли юлдузчалар отилмаган тош…
…Бутун олам кичик зарра бўлмиш одамда жам. Кўнгилнинг турланиши, жилвалари, ранги тинимсиз ўзгаришда, шу билан бирга у ўзида ИНСОНни акс эттиради…
…Афишалар тургандай муқим,
Куним ўтди чорраҳаларда.
Тақводордай яшаблар кўрдим,
Эски шаҳар ва даҳаларда…
Сатрларда муаллиф шахсиятига хос қирралар, табиатидаги ўзига хосликлар, ҳаёт йўлидаги ўзгачаликлар намоён бўлган. Ва улардан Инибек услубининг бошқа ижодкорларникидан фарқли эканлиги сабаблари ойдинлашади – эълонлар тахтасида осилиб, бир жойдан жилмай муҳим турган афиша каби чорраҳада узоқ муддат қойим туриш, тақводорлар сингари ўзини барча ортиқча, балки еб-ичиш каби ҳаётий заруратлардан-да тийиб яшаш уни ҳозирги мақомига олиб келган. Бадиий услуб ижодкор шахсияти натижасидир…
…Талант БЕКнинг ҳар сатридан дард силқиб турувчи битиги моҳияти ва жозибасини англаб етиш туйғуларда ўзгариш ясайди, шоир хасталигини “юқтиради”:
Ишқ дединг. Сўрадинг умримга тилхат,
Қалтираб турардинг. Қўлингда това.
Япроқдек тўкилдим. Тўкилди дилхат –
Дунё ёлғон дедим, қиз бевафо. Ва
Ўқирман эътиборини дастлаб тўртликдаги оҳанг ва уни таъминлаган товушлар уйғунлиги, тиниш белгилари ҳамда банд охиридаги “Ва” боғловчиси тортади. “Ва” аслида бирор ҳаракатнинг ҳали давом этаётгани, тугалланмагини билдиргани боис сатр охирида қўлланмайди. Аммо ижодкорнинг ноодатий тартиби ўқувчини тин олдиради, юқоридаги уч сатр каби зарб билан ўқиш имконини бермайди, шу тарзда кескирлик, шиддатни бироз юмшатади. Ишқ – олов, шоир – шам. Туйғу кучайгани сари ошиқ заифлашиб, кичрайиб бораверади. Ундан ростгўйлик, тўғриликни талаб этиш – ҳақорат. Ахир ҳаммаси зоҳирда аён, бекитилгани, ёлғон аралашгани йўқ. Қиш олдидан бутун дарахтдаги заҳарли моддаларни ўзига олиб, гўзал рангда ерга тушувчи хазон ҳолидаку у. Ишқ билан тўйинган шоир бўлак туйғулардан холи – улар барглардек тўкилиб бўлган, шунинг ўзи ёлғон дунёдаги ягона ҳақиқат.
Кетдим, бўйга етган буғдойзорлардан,
Рангин чироқлардан изладим жамол.
Булутлар карвонин ўйнаган шамол,
Бағишлади сарсон хазонларга шаън!
Бахмалдек майин, бўлиқ бошоқлар қўлга теккандек, ҳиди димоққа урилгандек… Шоирнинг буғдойзор оралабми ёки буғдойзорданми кетаётгани ўқирман ихтиёрига хавола. Ҳар икки ҳолат ҳам жуда гўзал манзара яралишига хизмат қилган. Буғдойзорга бўйи етган сифатининг тақдим этилиши киши кўз ўнгида болиға қизларни, уларнинг буғдойрангидаги юзлари, маҳкам тортиб ўрилган сочларини гавдалантиради. Буғдойнинг шамолда чайқалиши тасвирида бўйга етган ўзбек қизининг шахдам одимламаслиги, тикка бош юрмаслиги, бу унинг фаҳми ва тарбиясидан дарак беришига ишора бордай… Табиатнинг сирли ва беқарор ҳодисаси шамол чирпирак учирган хазонларнинг гўзал рақсидан шоир кераксиз,