ГАПХОНА. Аъзам Аҳмад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу ГАПХОНА - Аъзам Аҳмад страница 6
Ўзимни одам ҳис қилиб, катта одамга ўхшаб чиқдим банкдан. Ҳа, дарвоқе, “Ахборот”даги укам бу ердаги бировга мени тайинлагани йўқ, тайинлаш шарт ҳам эмас, ҳеч ким мени танигани ҳам йўқ, таниган бўлса ҳам билдирмагандир, чунки илтимоссиз, таниш-билишсиз ҳам битадиган майда иш экан.
Бу воқеа ҳикоя бўлмайди, лекин ҳаётда ўзи бўлади, бўляпти ҳам. Ҳар биримизнинг ўзимизга инсоф берсин экан!
БИНАФША СИЁҲЛИ МУҲР
Абсурд шундоқ кўз ўнгингизда воқе бўлади, кўриб турасиз, лекин минг айлантириб қараманг, тайинини тополмайсиз, тушга ўхшайди, дош бериш учун ухлаб юриш керак. Лекин ухлаганда қизиқасиз, нимага бунақа беўхшов ҳолат бўляпти деган савол ақлингизнинг бир чеккасида туриб-туриб уйғотиб юборади. Нимасидир шундай бўлиши керакдек мантиқсизлик. Ақли салим яратган мантиқсизлик тўри. Бу тўр ичида ўша ақли салимнинг ўзи ҳам типирчилайди – мантиқсизлик қонунлашган бўлади.
Тўрт йил олдин номимдаги машинамни ўғлимга миниб юриши учун “ишончнома” (ишонч қоғози шунақа дейилар экан) қилдирмоқчи бўлдик. Шу жуда шарт экан. лекин мен тушунмайман, ўзимнинг ўғлим, бирга турамиз, паспорти ҳам шу уйда рўйхатда, машина ўзимники, у ҳам мулк сифатида ўзимга тегишли, рўйхатдаги манзили ҳам уйим, ўғлим ўн саккиздан ошган, ҳайдовчилик ҳуқуқи, яъни “права”си бор, менинг машинам ҳам уники-да, ҳайдаб юраверса нима қилади? Йўқ, алоҳида ишонч қоғози олишим керак, қоидаси шу, қатъий, ҳар тўхтатган “дан”чига отасининг ўғли экани, отасининг машинасини ҳайдаб кетаётганини исботлаб бериши керак, “дан”чи тўхтатса, ёнида шу қоғоз бўлмаса, мен борсам ҳам гапим ўтмайди – уларга одам эмас, қоғоз асос! Одам қоғоз ўрнида кўрилмайди. Хай, начора кўпга келган тўй, нотариусга бордик, ўзи шунақа расмий идоралардан юрагим