Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 18

Жанр:
Серия:
Издательство:
Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов

Скачать книгу

қай даражада берилиши ҳам Аллоҳнинг ихтиёридадир. Лекин озми-кўпми бўлган бу истеъдоднинг қандай ишлатилиши банданинг ақлига боғлиқ. Кузатамизки, қайсидир касб эгасига Аллоҳ улуғ истеъдод берган, лекин у ўзининг танбаллиги ёки мансабпарастлиги ёки маишатпарастлиги ёки дунёпарастлиги туфайли бу истеъдодни исроф қилади. Билиш жоизки, нон исрофи қанчалик гуноҳ бўлса, Аллоҳ берган истеъдодни исроф қилиш ҳам шунчалик гуноҳдир.

      Баёним аввалида ўз уйимиз бўлмагани, беш фарзанд ижара уйларда туғилганини айтиб эдим. Акаларим ва опаларимдан фарқли ўлароқ, мен ижара уйда эмас, тоғамнинг хонадонларида туғилган эканман. Тоғам – Мирзакалон Исмоилий Иккинчи жаҳон урушида Сталинграддан Берлинга қадар бориб, сўнг маълум муддат у ерда хизматда қолганлар, аниқроғи, Берлинда ўзбек тилида газета чиқарганлар. У ерда хизматда қолишлари муносабати билан оилаларини ҳам Берлинга кўчириб кетганлар. Ёлғиз қолган Исмоилхўжа опоқ дадамга, хусусан, тоғамнинг ҳовли-жойларига қараб туриш мақсадида оиламиз Дархондаги уйга кўчиб келишган. Мен ёзувчининг уйида туғилганим учун Аллоҳ тақдиримга шу йўлни битгандир? Ҳар ҳолда мен шундай фикр қиламан. Аммо билгувчи Аллоҳдир!

      Берлиндан қайтишгач, биз Кўкчадаги бир уйни ижарага олиб кўчиб келдик. Етти жон бир хонада яшай бошлаганимиз ёдимда. Бозорқўмликни эплолмаган дадажоним 40-мактабда ҳарбийдан дарс берардилар. Директорнинг марҳамати билан мактабнинг битта синфи бизга уй қилиб берилди. Ёнма-ён жойлашган синфларнинг бирида биз, иккинчисида қоровул билан фаррошнинг кичик оиласи яшарди. Турсунхўжа ака билан Махсума опа паркентлик эдилар. Аллоҳ уларга фарзанд берарди-ку, лекин болалигидаёқ омонатини оларди. Кўнгиллари яримта эди бечораларнинг. Бизни, айниқса, кичкинтой бўлганим учун мени яхши кўришарди. Ўз боласидай эркалашарди. Турсунхўжа ака шоп мўйловли бақувват киши эдилар. 1949 йилда ҳукумат кўп қатори бизга ҳам уй қуриш учун жой ажратганда Турсунхўжа ака пахса уриб берган эдилар. Биз, катта акам бошчиликларида лой тепиб берган эдик. Пойдеворсиз бу уйда ҳозиргача яшаймиз. Турсунхўжа акани, Махсума опаларни кўп эслаб, ҳақларига дуо қиламан. Биз уйни чала-ярим битириб кўчиб кетганимиздан кейин Турсунхўжа аканинг кўзлари кўрмай қолди. Шунинг учун ўзларига уй қура олмадилар. Улар бир қизни асраб олиб Холида деб исм қўйдилар. Ҳукумат уларга ҳам жой берган эди. Ўзлари қуролмаганликлари учун оқтепалик бир одамнинг кичикроқ уйига алмаштирдилар. Махсума опамиз шу уйда байрам куни тўсатдан жон таслим қилдилар. Шундан сўнг қариндошлар Турсунхўжа акани Паркентга олиб кетдилар. Узоқ йиллар дарак бўлмади. 1970 йилда ҳарбийда паркентлик йигитлар билан бирга хизмат қилиб, улардан суриштирдим, танишар экан. Ҳарбийдан қайтганимдан кейин зиёратларига бордим.

      Жониворларни, айниқса ит боқишни ёқтирардим. Ҳозиргача бу қизиқиш сўнмаган. Ит боққим келади, лекин барча оилаларда бўлганидек, бизникида ҳам аёллар бу хоҳишимга йўл бермайдилар (Эҳтимол “Ит – вафо, хотин – жафо” мақоли бекорга тўқилмагандир).

      Мактабда

Скачать книгу