Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 27
Нон исрофи – ношукурликдан келиб чиқади. Ҳозир дунёда миллион-миллион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Биз шуни ўйлаймизми? Ёки уйи нон ва бошқа неъматлар билан тўкин оиладаги хаста одам бир тишлам нонни чайнаб юта олмайди. Буни-чи, буни кўз олдимизга келтира оламизми? Худо дастурхонимизни тўкин қилиб берди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунга шукур этмоқлик ўрнига бу неъматларни нима учун исроф қиламиз?
Шоир Анвар Эшонов ёзган эдилар:
Ўзбекистон кузидай бугун дастурхон тўкин,
Турналардай тизилиб, юраклари эзилиб,
Қора нон навбатида турганларнинг ҳаққи ҳам,
Улуғ жанг йўлларида кўксидан қон сизилиб,
Европада ўт кечиб юрганларнинг ҳаққи ҳам
Насибангга қўшилиб турар дастурхонингда.
Ёши улуғ отахонлар, онахонлар бир бурда нон учун қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси демай туну кун навбатда турганларини унутишмагандир. Бу азобларни эслаб туришнинг фойдаси бор. Албатта, биз ёшларга бу азобни раво кўрмаймиз, Худо сақласин! Лекин ўтмиш инсон учун ҳамиша сабоқ бўлиб хизмат қилиши керак.
Бу йўллар
кўп қадим йўллар,
Беш миллион,
ўн миллион
юз миллион нафар
қуллар ва туллар,
Гарданда чўяндан қуйилган занжир,
Ерларда ҳашарот каби
Очликдан,
зорликдан гезариб лаби,
Ожиз,
маҳкум,
хор ва бетадбир:
– Нон! – дея,
– Нон! – дея
суриниб кечмишдир.
Ғафур Ғуломнинг бу сатрларини катта авлод унутмагандир? Ёш авлод ҳам бу каби сатрлар замирида ётган маъноларни уқса ёмон бўлмас эди.
Тўйлардаги исрофгарчиликлар ҳақида тинмай гапирилади, лекин амал қилинмайди. Одамлар тўй ёки маърака қилиб савоб топиш ўрнига гуноҳга ботаётганларини тушунишлари шунчалар қийинми?
Боғча ва мактаб, шунингдек, ўқув юртлари ошхоналаридан челаклаб қолдиқ овқат ва нонни кўтариб чиқаётганларни кўрган мудиралар, директорлар, бош врачлар ва бошлиқлар лоқайдлик қилмасалар қандай яхши! Биз бир-биримизга ғоят меҳрибонмиз. Шифохонадаги биродаримиз зиёратига боришда камида иккита ёки тўртта нон оламиз. Ҳолбуки, беморга битта нон кифоя. (Ҳатто нон олиб боришнинг мутлақо зарурати йўқ. Чунки шифохонада етарли миқдорда беморларга нон берилади.) Лекин биз битта нон кўтариб киришга хижолат бўламиз. Нонни исроф қилишдан эса уялмаймиз.
Ресторанлар, ошхоналарни, тўйхоналарни кузатсангиз керак. Сув бўйларида жойлашган ошхоналардан ахлат ва пўчоққа аралаш ташланаётган нон қолдиқларига қаранг! Тўйга борганимизда дастурхон устида синиқ нон бўлаклари бўлса-да, яна нон синдирамиз: “Бизни ҳам тўйга етказсин”, – деган ниятда синдирилармиш. Бундай