Ҳаёт қайиғи (3 китоб). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ҳаёт қайиғи (3 китоб) - Тохир Хабилов страница 40
Замон қалқиб турган пайтда жадидларнинг зукколари большевикларнинг сиёсатларидаги алдовни сездилар ва уларга хизмат қилишдан ўзларини тийдилар. Ҳамза эса бу борада янглишди. Ўзининг санъат группаси билан астойдил хизмат қилди. Кейин “кўзи очилиб” ўзини бу хизматдан тортган пайтда большевикларга кераги бўлмай қолган эди. Шу пайтда у фитнанинг қурбони бўлди. Юқорида айтганимдай, энди унинг ҳаётидан эмас, ўлимидан фойдаланишди. Унинг Шоҳимардонга бориши ва ўша ерда ўлим топиши НКВД томонидан режалаштирилгани архив ҳужжатлари орқали ўрганилди. Бу ҳақдаги профессор Наим Каримовнинг мақолаларини камина “Ёшлик” журналида ишлаган чоғимда мамнуният ила чоп этган эдик.
Ҳамзанинг ҳаёти акс эттирилган театр саҳнасидаги, сўнг бир қисмли кинофильмдаги ёлғонлар ҳолва эди. Ўзбеклардан оташин инқилобчи (революционер) етишиб чиққанини кўрсатиш учун “Оловли йўллар” деб номланган кўп қисмли фильм ишладилар. Минг афсуски, бу ишни энг моҳир кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов амалга оширдилар. “Тошкент – нон шаҳри”ни ишлаган маҳоратли киноижодкор учун бу ярашмади.
Фильм тўлалигича Бутуниттифоқ телевидениесида тантана билан намойиш этилди. Ўзимиздаги санъатшунослар мақташди, Совет иттифоқидаги тарихдан хабардор барча зиёлилар эса биздан кулишди, десам, муболаға бўлмайди. Бу томоша “Ўзбекфильм” эмас, “Ёлғонфильм” маҳсулоти эди. Доимий равишда босмачиларни қоралаб кинотомоша ишлайвергани учун “Ўзбекфильм”ни “Басмачфильм” деб аташ расм бўлганди, энди унинг ёнига яна бир “шарафли” (“шармандали” деб ёзишга уялдим) сифат қўшилди.
Ёлғонга асосланган бу томошада бир воқеа бор: Ҳамзанинг рус хотини ҳомиладор бўлади. Ўзбек аёллари уни ўраб олишиб, қийнашади… Бу фожиани кўриб, даҳшатдан сесканиб кетдим. Даҳшат ўзбек аёлларининг зулмида эмас, даҳшат ёлғоннинг экранда бу қадар уятсизларча акс этишида эди. Наҳот бу нодон “ижодкорлар” миллат шаънига балчиқ чаплаётганларини англамаганлар?! Мен шу лавҳа намойиш этилаётган пайтда Москвада, рус адиблари билан дастурхон атрофида ўтирган эдим. Ер ёрилмади, ерга кириб кетмадим. Ҳамкасбларга бу воқеанинг туҳматдан иборат эканини айтмоққа чоғланганимда улардан бири мушкулимни осон қилди: “Ҳомиладор аёлни фақат ақлдан озган эркак қийнаши мумкин. Ақлдан озган аёл ҳам ҳомиладорга