АСАРЛАР (III жилд). Сирожиддин Саййид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АСАРЛАР (III жилд) - Сирожиддин Саййид страница 1
Маълум ва машъум Тошкент зилзиласи рўй берган паллаларда мен ҳеч бир ўйлаб ўтирмасдан у томонга учган эдим. Одамлари ер силкинишларидан безовта, бедор ва беором тунги Тошкент кўчаларини ҳеч қачон унутмайман. Ҳар турли, ҳар тоифа одамлар – вазирлар, талабалар, ўғри-каззоблару милиционерлар – барча-барчамиз бирга-бирга кўз юммай кутганимиз, кузатганимиз – қатор кетган палаткаларнинг улкан тунги лампаларни эслатувчи хира қизғиш ёғдулари кулфат оғушида ҳам алланечук сархуш ва бахтиёр, айни пайтда ҳамдаму ҳамнафас биз ёшларнинг кўнглини нурафшон қилган. Ўша машъум офат, кўпга келган умумкўргулик қаршисида биз барчамиз бирдам ва якдил эдик.
…Жойидан силжиган, бели букчайиб, ярим қийшайиб қолган ҳайкални эслайман. Мардонавор шеърият, метин ва мустаҳкам шеъриятким то бор экан, токим пойдор ва устувор тураркан, ўша оғир дамларда келажакда бизни кутаётган, айни чоғда, қон-қардошлигимизнинг чинакам имтиҳонига айланган глобал катаклизмларнинг ёрқин тимсоли бўлган бўлса ажабмас…
Сирожиддин билан мен 1987 йилда танишганман. Ўшанда у янги навқирон шеърият армиясининг сержант рутбасидаги ёш аскари эди, бироқ унинг енгил хушбичим курткасида маршаллик нишони ярқираб турарди гўё. Тошкент шоирлари вақт синовларидан ҳалол ва мардона ўта олдилар. Бу сўзлар бевосита Сирожиддинга ҳам тааллуқлидир. У ҳозирга қадар ўша кўзлари ёниб турган болакайдек менинг хаёлимда турибди. Болаларча тиниқлик ва тозалик, софлик ва самимият уфуриб турган шеърларни сиз азиз ўқувчиларга тавсия этарканман, уларнинг Ўзбекистонда яшаб ижод қилаётган таниқли рус шоири Александр Файнберг томонидан юксак маҳорат билан таржима қилинганини алоҳида таъкидлагим келади.
Устозлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар ёнида юриб, уларнинг мактабидан сабоқ олган Сирожиддин бугунги кунда бошқа шоирлар билан бир қаторда ўзбек шеъриятининг ўз номи ва ўз овозига эга ёрқин намояндаларидан биридир. Унинг ўзим учун шунчаки шаҳар эмас, шоирлик ва инсонийлик қисматимнинг ажралмас таркибий бўлаги ҳисобланувчи Тошкентдан туриб қилган ҳар бир йўқлови – телефон қўнғироқлари мен учун ҳамиша азиз ва қадрлидир.
Ўз вақтида мен Тошкент зилзиласига бағишлаб “Тошкентга ёрдам беринг” номли достонимни ёзган эдим. “Комсомольская правда” газетасида босилган бу репортаж-достондан айнан шу парчасини сал кейинроқ таниқли санъаткор Родион Шчедрин ўзининг “Шоирнома” асарида хор жўрлигида саҳналаштириб ижро эттирди.
Кейинчалик “Ньюс уик” журнали мухбири билан бўлган суҳбатимизда мен Тошкентда ўтказганим ўша беором кунларни ҳаётимнинг энг саодатли кунлари деб атадим.
Сирожиддинга шеърлари учун раҳмат дейман. Тошкентга эса бизнинг қаддимизни тиклаб, ўзимизни, ўзлигимизни топишимизда берган беминнат ёрдами учун ташаккур айтаман.1
ЮКСАК ЭЪТИРОФ
Сирожиддин Саййид – шундай шоирки, унинг умр тақдири, таржимаи ҳоли ҳақида сўровноманинг ҳожати йўқ. Бу унинг мисраларида, Ота юрт шамоли шовуллаб эсаётган шеъриятида шундоққина кўриниб, сезилиб туради. Ушбу шеърият оҳангларида гоҳо най ноласи, гоҳо рубоб торларининг таронаси янграйди ҳамда китобхонлар қалбига шоир юрагининг нозик туйғулари, ҳайратларию ҳис-ҳаяжонларини олиб киради.
Шоирнинг ҳеч бир шеъри, ҳеч бир сатри ўқувчини алдамайди. Унинг юраги одамларга ҳамиша очиқ. Юракнинг очиқлиги, кўнгилнинг кенглиги – ҳақиқий шоиргагина хос бўлган нодир фазилатдир.
Рус халқининг улуғ шоири Сергей Есенин: “Барча шоирлар қондошдир”, – деб ёзган эди. Шеър қайси тилда янграмасин, шеърият шеърият бўлиб қолаверади. Ҳозирги замон рус шеъриятининг бетакрор вакилларидан бири Андрей Вознесенский Сирожиддиннинг Худо берган истеъдоди ва бадиий маҳоратини юксак эътироф этган эди.
Менинг ўзимга келсак, мен ҳам ушбу метафорик шоир билан тўлиқ ҳамфикр ва ҳамкорман. Бунинг устига у умуман ҳеч кимга ўхшамаган бетакрор, беназир шахсдир.
Менинг назаримда, унинг шахсиятида нафақат юксак ижодий муваффақиятлар, балки муносиб келажак ҳам тажассум топган. Бунинг исботи шоирнинг ўз шахсий дарду армонларини жамият орзу-ниятлари билан, лирикани фаол фуқаролик позицияси билан, бадииятни публицистик руҳ билан уйғунлаштира билиш қобилиятида намоён бўлади.
Шахсан мен бу бетакрор шоир билан яқин дўст ва ҳамроз бўлганимдан ниҳоятда қувонаман.
Унга янги дилтортар шеърлар билан ўқувчилар юрагини забт этавериш саодатини тилайман.
Ахир, шоирга бундан бошқа нима ҳам керак?
Шеърлар
ДИЛ ФАСЛИ
НИЯТ
Бу йил
1
“Труд” газетаси, 15.04.2006 й.