Қазои Қадар. Аббос Саид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қазои Қадар - Аббос Саид страница 2
Анвар Шокир улардан нари юриб ҳам қутулолмаётганларини, улар мана бундай ғаламисликлар қилиб юқоридан ҳар турли чиқитларни ташлай бошлаганларини, бу сафар эса қуюшқондан чиқиб ичкилик шишаларини ҳам ташлашгача бориб етганларининг шоҳиди бўлгач, ортиқ чидаб туролмади. Уларни бу сафар яна бир инсофга чақирмоқ, керак бўлса ақлларини киритиб қўймоқни хоҳлади. Булар билан пачаклашиш яхшиликка олиб бормаслигини фаҳмласа-да, кўнгли аллақандай нохушликни туйса-да, вужудидаги ўжар бир истак тинчини ўғирлаб, қўшниларига нисбатан нафрати алангалана бошлади.
У яна уч-тўрт бор чақирганидан сўнггина айвончанинг ошхона қисмига яқин ердаги дераза табақаси очилиб, бу хонадонга бўзчининг мокисидай қатнаб пашшахўрда бўлишини канда қилмайдиган, оиланинг кўп ишларига бурун суқаверадиган, яна опаси Фаросат иккови тижоратга оид ва баъзи бошқа юмушларни ҳам биргаликда бажариб кетаверадиган синглиси Таманноз пастга энгашиб туриб:
‒ Ҳа, Анвар ака, нима дейсиз? – деди.
Ҳеч қанча вақт ўтмай унинг ёнида опаси ҳам пайдо бўлиб, анордайин қизарган юзида ясама табассум ўйнаб:
‒ Тинчликми, Анвар ака, наа-мунчаа?! Осмон узилиб ерга тушибди депмиз-зза?! ‒ дея доғулилик билан пастки қаватдаги қўшнисидан норозиланганини ноз-ишвали оҳангда сездирди.
Анвар Шокир опа-сингилнинг лола янглиғ қизарган ярим истеҳзо, ярим табассумли япалоқ юзларига, яна ўзларини бехаёларча тутиб пичирлаб хиринглашларига назар соларкан: “Булар ичиб олганга ўхшайди, йўқса менга қараб бунақа ойимча-таннозларча ишва қилмасдилар, жилмаймасдилар!” , деган ўй дилидан ўтди, сал жаҳлдан тушган бўлиб:
‒ Фаросат, яна ҳаммаёқни ивирстирибсизлар-ку! Яна қанча такрорлашим, сизларни огоҳлантиришим керак!– деди, негадир шу дамда кўнгли бир нарсаларни сезгандай ғашлангандан-ғашланиб, айтарли арзирли гап тополмай, нима дейишини билмай ёзғирди: ‒ Унақамас-да, энди!..
Ўзларининг суйилиб, эркаланиб муомала қилишлари пастки қаватдаги қўшниларига таъсирини ўтказиб “попугини пасайтирдик” деб билган опа-сингил яна бир-бирига шивирлаб хиринглашди. Таманноз унга бир нима демоқчи бўлганди опаси тирсагидан ушлаб, “ бу билан ҳисоб-китобим бор, ўзим боплайман!” дегандай бир йўсинда пастга энгашиб:
‒ Ҳозир тушиб борамиз, тозалаб оламиз!..– дея оғзидаги тилла тишларини кўрсатиб ёқимсиз илжайди.
Анвар Шокир опа-сингилнинг тушишини истамади. Айниқса, Фаросатнинг ёқимсиз, айёрона илжайишида ёмон бир шумликни, бадниятини сезган бўлди. Хаёлидан яна талабалик кезлари, шўро даврида қолиб кетган ўша ёқимсиз манзара кўз ўнгидан ўтиб улгурди. Ўшанда у Маркс Темировичнинг дорилфунундаги кафедрасига хафталик газеталарида эълон қилинаётган бош мақоласини