Қумдаги хотин. Абэ Кобо
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қумдаги хотин - Абэ Кобо страница 6
Улар ниҳоят, тепага яқин чуқурлардан бири олдига етиб келишди. Қишлоқ шу ерга келиб тугарди.
Икковлари пастга олиб тушадиган ўнгдаги энсизгина сўқмоққа қараб бурилишди. Бир оз юришди, кейин чол қоронғиликда ғойиб бўлиб, чапак чалди-да, баланд овоз билан қичқирди:
– Ҳой, кампир, қаёқдасан?
Пастда, худди оёқларининг тагида, қоронғи зулмачда фонарь пайдо бўлиб:
– Ҳозир, ҳозир… Нарвон қопларнинг олдида, – деган овоз эшитилди.
Дарҳақиқат, бундай тик тепаликдан нарвонсиз тушишинг маҳол. Пастдагига ўхшаган уйдан учтасининг бўйига баравар келади; у ерга ҳатто нарвон билан тушиб боришинг ҳам анча қийин. Ён бағир анча тик экан, ҳали кундуз куни, ҳозир аниқ эсида, анчагина қийин кўринган эди. Нарвонга ҳам ишониб бўлмайди, ҳар хил арқонлардан қуралган, борди-ю, мувозанатингни йўқотиб қўйсанг, ўртасидан тугун тушиб, чигаллашиб қолади. Қамоққа тушасан-қўясан.
– Ҳеч нарсадан ташвишланманг, дамингизни олинг… Чол пастга тушмади, тепада бир оз турди-да, кетди. Йўловчи бошдан-оёқ қумга беланган эди, назарида бирдан болалик вақтига қайтиб қолгандек бўлди. Уни фонарь билан кутиб олган хотинни кампир деб аташган, у ҳам кекса бир хотинни кўраман, деб ўйлаган эди, аёл эса ҳали ёш, ўттизларга борган, ўрта бўйли, ёқимтойгина жувон экан. Хотин упа қўйса керак, унинг юзи денгиз бўйида яшайдиган аёлларнинг юзларига нисбатан оқ эди. Умуман хушнудлик билан, самимий кутиб олгани учун хотиндан миннатдор эди.
Шуниси ҳам борки, агар хушнудлик билан кутиб олмаса, у ўлақолса ҳам бу кулбанинг остонасидан ичкарига ҳатлаб кирмасди. Мени лақиллатишяпти, деб ўйлаб, дарров қочиб қолиши ҳам мумкин эди. Деворларидаги сувоқлари кўчиб кетган, фусума1 ўрнига бўйра тутилган; томга тираб қўйилган устунлар қийшайиб қолган; ҳамма деразалар тахтакачлаб ташланган; ерга тўшалган похол бўйралар тўкилай-тўкилай деб турибди, оёғинг тегиши билан худди ҳўл нарсани босгандагидек товуш чиқади. Устига-устак қотиб қолган қумнинг бадбўй ҳиди анқийди.
Лекин ҳамма нарса ҳам кайфиятга боғлиқ. У хотиннинг сермулозаматлигига маҳлиё бўлиб қолди. Майли, бу, нақа нарса кишининг умрида бир марта юз беради, дерди у ўзича. Омади келиб биронта қизиқ ҳашаротни учратиб қолар. Ҳар қалай, бундай муҳитда ҳашаротлар ўйнаб-ўйнаб кун кўради.
Тахминлари тўғри чиқди. Хотиннинг таклифи билан ер ўчоқнинг олдига энди ўтирган ҳам эдики, атрофида худди ёмғир томчилаётгандек сас эшитилди. Бу ғужғон ўйнаётган бургалар эди. Бунақа нарсалардан у қўрқмайди. Энтомолог бундай кутилмаган ҳодисаларга нисбатан ҳамиша шай туради. Фақат кийимнинг ичига ДДТ сепиш, ётишдан олдин баданга ҳам ҳашаротларга қарши мой суртиш керак.
– Мен овқат пишириб келаман, шунинг учун ҳозирча…– хотин энгашиб чироқни олди,– бир оз қоронғида сабр қилиб ўтира турасиз-да.
– Хўш, чироғинг биттами?
– Ҳа, афсуски…
Хотин гуноҳкорона жилмайди, чап юзида кулгич пайдо бўлди. Агар кўзига эътибор