Амир Алишер. Шуҳрат Сирожиддинов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Амир Алишер - Шуҳрат Сирожиддинов страница 6
Сом Мирзо Сафавийнинг “Туҳфаи Сомий” тазкирасида Фахрий маълумотлари деярли такрорланган45. Бироқ ундан фарқли равишда Навоийнинг отаси Кичкина Баҳодир тарзида таништирилган. Тазкира ёзилган давр Навоий даврига нисбатан яқин бўлгани учун бу ўзгартиришда бирор маълумотга таянилган деб ўйлашга асос бор. “Темур тузуклари”да айтилишича, қайси амир мамлакат ё бир қўшинни енгса, унга биринчи навбатда туғ бериб, баҳодирлик лақаби расмий равишда унинг номига қўшиб ёзилган. Сўнг чегара вилоятларидан бирига ҳоким этиб тайинланган46. Ғиёсиддин Кичкинанинг бизга маълум фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, Сом Мирзонинг маълумоти асослидек кўринади.
Алишернинг болалиги ҳақида
Шоҳрух Мирзо ҳижрий 850 йил зулҳижжа ойининг йигирма бешинчи куни (мил.1447 йил 3 март) вафот этади. У пайтда Алишер 6 ёшда бўлган. Мир Алишернинг ўзи сўзлаган бир хотирада айтилишича, Шоҳрух вафотидан кейин пойтахтда содир бўлиши мумкин бўлган тартибсизлик ва ғалвалардан узоқроқ бўлиш мақсадида унинг оиласи Хуросондан Ажам Ироқига йўл олган47. Йўлда улар Шарафиддин Али Яздий яшаган Тафт шаҳрида тўхтаб ўтадилар48. Хондамир “Макорим ул-ахлоқ”да Шоҳрух Султон вафотидан кейин Амир Алишернинг отаси бола-чақаларини олиб Шероз томонга жўнаб кетди. У мамлакатда бир неча йил турди”, дейди49. Шерозда Бойсунғур Мирзонинг иккинчи ўғли Мирзо Султон Муҳаммад ҳукмронлик қилар эди. У Шоҳрух Мирзонинг қаҳрига учраб ҳижрий 846 (мил.1442-1443) йил ўзига берилган Форс ва Ажам Ироқидан маҳрум бўлган ва султоннинг вафотидан кейин эса қайта забт этиб олган эди. Шероз пойтахт бўлиб, ҳануз фан ва маданият маркази сифатида ўз мавқеини йўқотмаган эди. Алишернинг отаси ҳукмдорнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлади ва унинг амалдорларидан бирига айланади. Хусусан, Навоийнинг ёзишича, Астрободда вафот этган Мир Шоҳнинг хоки Сабзаворга олиб келинганда отаси вақтинча шаҳарни бошқарган 50.
Ҳижрий 855 (мил.1451) йилда Абулқосим Бобур Хуросон тахтини эгаллайди ва сал ўтмай Ироқда тинчлик ўрнатиш учун Шерозга келади. Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, у кўп вақтини маҳаллий фозил инсонлар, уламолар ва шоирлар билан суҳбатда ўтказган51. Бобур кетиш олдидан Шероз бошқарувини шаҳзода Султон Санжарга топширади. Айни замонда ва шу ерда Абулқосим Бобурнинг оқ фотиҳаси билан Ҳусайн ва Султон Санжар қизи
44
Е.Бертельс Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Кичкина Мансурнинг кўкалдоши эди деб тахмин қилади (Қаранг: Бертельс 1965, 25). Ушбу хулоса бирор-бир манба билан тасдиқланмаган. М.Сабтенли Ханс Роберт Рёмер қўлга киритган бир ҳужжатда Султон Ҳусайннинг Алишер ҳақида “У ҳаёти ибтидосидан, балки, бешикдан кўкалдошлик орқали бизнинг хонадонимизга тааллуқли” бўлгани ҳақида ёзган қайдига суяниб Алишер Ҳусайн Бойқаронинг кўкалдоши деган фикрга келади (Қаранг: Subtenly (2) 801. Таъкидлаш лозимки, Ҳусайн Алишердан уч ёш катта бўлган.
45
Туҳфайи Сомий,167а.
46
Темур тузуклари, 78.
47
Мажолис, 31. Буни Хондамир ҳам тасдиқлайди. Қаранг: Макорим ул-ахлоқ, 117.
48
Ўша даврларда империянинг узоқ ғарбий ҳудудлари Форс ва Ажам Ироқи (ҳозирги Ғарбий Эрон) деб аталган. Унга элтувчи йўл Тафт (Язд), Абаркух, Шероз, Кўшки Зард, Исфаҳон, Рай, Қум шаҳарлари орқали ўтган. Шунингдек, Луристон, Шулистон, Язд, Кирмон, Кошон, Ова, Симнон и Дамғон ҳам Форс ва Ажам Ироқининг машҳур жойлари сирасига киради.
49
Макорим, 117.
50
Мажолис, 29.
51
Матлаъ, 2-жилд, 334.