Юз йиллик қотиллик қиссаси. Хуршид Дўстмуҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Юз йиллик қотиллик қиссаси - Хуршид Дўстмуҳаммад страница 6
Темур бу маълумотни алоҳида аниқлаштираман, деб дилига тугиб қўйди.
У ҳар сафар янги мақолани ўқишга киришганда қайсидир жумбоққа ойдинлик киритаман, топаман деб умид боғлар, бироқ аксинча, ҳар бир мақола уни яна ва яна бошқа бир мавҳумлик кўчасига рўпара қилар, дафтаридаги савол аломати қўйилган тахминлар, фаразлар кўпайгандан-кўпая бораётган эди.
– 7 –
Даставвал Оҳиста ая ҳам, Азиз ҳам Темурнинг ҳар куни бирор янгилик топиб келишига қизиқишар, дастурхон теварагидаги суҳбатларда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг исми тилга олиниши одатий ҳолга айланганди. Орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ўтгани сайин оилавий суҳбатлар “сафи”га яна бир мавзу қўшила бораётган, бунга асосан, Оҳиста ая сабабчи эди.
Ая Темурни уйлантириш ҳаракатига тушганди.
Онасига акаси қўшилди.
– Бунингиз Беҳбудийнинг қотилини топадими, келин бўлмиш қиз излайдими, ая? – деди кулиб Азиз. – Ўзингиз суриштиринг, қариндош-уруғ, таниш-билиш дегандек, топилар бир муносиби?
Аяси билан акасининг тезлашларига жиддий эътибор бермаётган Темур гапни чўзмади:
– Мана шу топшириқни бажарсам, юзим ёруғ бўлса, кейин уйланаман, – деди, гапни чўрт кесиб.
Азиз пиқирлаб кулди.
– Юз йилда бирортаси тагига етолмаган убийствани аниқлашингга ишоняпсанми?
– Бошлаганимда иккиланган эдим, ҳозир ишона бошладим. Ишларим беҳуда эмас, қизиқиб кетяпман, ака.
Акаси жиддий тортди:
– Адам кўп айтгандилар – очилмайдиган жиноят йўқ, деганлар. Зора, шуни эпласанг.
Темурнинг ўй-хаёлини эгаллаганди шуғулланаётган иши. Ётса ҳам, турса ҳам, акаси айтмоқчи, эплаш-уддалаш дардига айланди, унинг. Ҳар бир топган маълумоти ушбу нияти йўлида мушкулини осонлаштиришига ишончи ортиб бораётганди.
– 8 –
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририяти жойлашган етти қаватли, узун бинога етиб борганида соат кечки бешдан ошган, иш вақти охирлаганидан,