Юз йиллик қотиллик қиссаси. Хуршид Дўстмуҳаммад

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Юз йиллик қотиллик қиссаси - Хуршид Дўстмуҳаммад страница 9

Жанр:
Серия:
Издательство:
Юз йиллик қотиллик қиссаси - Хуршид Дўстмуҳаммад

Скачать книгу

асқатиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳатто, ҳеч нарса билмайман, беҳбудийшунос эмасман деган Ашур Жўра ҳам ўзи истамаган ҳолда, бир нечта маълумот берди. Раҳим Мақсудов ёзувчи эмаслигини, журналистлигини айтди, у беҳбудийшунос эмаслигини айтди, ёзганда ҳам, Бегали Қосимов, Наим Каримов китобларидан фойдаланган бўлишига ишора қилди. Ва… кейин Темур бир гапни эслаб, юраги жиз этиб ачишгандек бўлди. Ашур Жўра ҳазилвон эканми ё жиддий гапирдими, ҳарқалай, ош еб чиқаётганида имлаб, Темурни ёнига чорлади.

      – Сен ош еб чиққунингча, мен ўйладим. Болалар журналига Беҳбудийнинг болалиги ҳақида мақола заказ қилгандим. Пичоққа илинадиган маълумот топилмади. Тушуняпсанми, ҳазратнинг болалигига доир хотира йўқ, ҳеч кимда йўқ! Аслида эса, ўрганишни болалик чоғларидан бошлаш керак, болалигини билмасанг, Беҳбудий қаердан пайдо бўлганини қаёқдан аниқлайсан?! Шуни дилингда тут, жиян! Мисқоллаб бўлса ҳам тўпла, беш-олти қоғоз қоралаб келсанг, журналда мақолангни чиқариб бераман.

      Темур қизилтепалик журналистнинг мақоласига кўз югуртириб ўтириб, дам-бадам хаёли Ашур Жўрага кетди, у кишига ғойибона миннатдорлик маъносида бош ирғади.

      У дангалига, лўнда ва бўямай-бежамай айтилган гапни ёқтирарди, Ашур ака шунақа хилидан экан. Беҳбудий ҳам шундай табиатли бўлгани муқаррар, акс ҳолда “Амир Саид Олимхон уни ўзининг шахсий душмани деб билган”. Оддий гап эмас бу. Нима сабабдан шундай бўлган? Нима сабабдан амир уни ўзига шахсий душман деб билган? Бундан чиқди, Беҳбудий ниҳоятда залворли, мураккаб шахс бўлган, амирга нисбатан шахсий душманликка қодир одам бўлган! Ҳа-а-а!.. Бу етмагандай, “Унинг номи Туркистон генерал-губернаторлиги у ёқда турсин, оқ пошшонинг ўзига ҳам аён бўлган”.

      Эҳ-ҳе-е!.. Темур эса битта мақола ёзган чекка тумандаги журналистни излаб юрибди…

      – 11 –

      Темур қўлидан қўймайдиган дафтарнинг илк саҳифасига йирик ҳарфларда ёзиб қўйган гапни қайта-қайта ўқишдан чарчамайди: “Маълумотнинг номуҳими йўқ! Айтилган бир оғиз сўз ҳам, эътибордан четда қолмаслиги шарт!” Шундай экан, деди ўзига-ўзи далда бериб Темур, ёзувчими, журналистми, олимми – фарқи йўқ, ҳаммасини битта қўймай ўрганаман, йиғаман, таҳлил қиламан ва табиий, хулоса чиқади, хулоса!

      Ашур Жўра билан танишиб қайтгач, уч-тўрт кун ўтганида бирдан Ҳалим акага миннатдорлик билдириб қўйиш зарурлигини ўйлаб қолди. Ахир Ҳалим аканинг маслаҳати билан “Баҳор” тўйхонасига борди, Ашур Жўра билан ўша ерда танишди, ўша кишининг истар-истамас айтганларига зид иш тутиб, Раҳим Мақсудовнинг мақоласини ўқиди, ундан кўчирмалар олди. Кўчирмалари ўзига ёқди. Лўнда, тушунарли ёзилган экан. Ашурали ака айтмоқчи, Бегали Қосимов ё Наим Каримовнинг китобидан олган бўлса, уларни ҳам топади, ўқийди, улардан фойдаланади. Лекин инсоф билан айтганда, шу каби китоблар мавжудлигини Раҳим Мақсудовнинг мақоласидан ўқиб билди-ку!

      – Сиз ёзган мақолани ўқидим, – деди Темур дабдурустдан ўзи ҳали кўрмаган, юзма-юз келмаган Ҳалим Сайидга.

      – Қайси бирини?

      – “Беҳбудийни қатл этган ким?” мақоласини.

      – Яхши,

Скачать книгу