Тахмина. Солих Каххор
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Тахмина - Солих Каххор страница 30
– Бунга шубҳам йўқ. Мен ҳам сизни яхши кўраман…
– Ундай бўлса, нега мени унутиб қўйяпсиз? Сизни рашк қилавериб, ўлиб бўляпман.
– Хуршида, мени десангиз, рашк деган нарсани унутинг. Хизматимни қилаверинг, кам бўлмайсиз.
– Менга энди мол-дунё керак эмас. Ўзингиз кераксиз.
– Бўпти, бўпти. Келаётган ҳафта меҳмон чақирманг. Икковимиз шаҳардан ташқарига чиқиб кетамиз.
– Ана шундай, Собир ака. Бунисидан ҳам хабар топганман…
Тахмина шундай дея жимиб қолди. Яна чалқанча тушиб, қўлларини боши устига олгунча, кўзларини мулойим юмди. Мен ҳам энди бир дам ўз хаёлларимга берилдим. Кўча томондан автомашиналарнинг гувиллаб ўтиши ҳам тингандек эди. Қаердандир кетма-кет узилган иккита ўқ овози эшитилди. Бир пайтдан кейин сигнал бериб ё тез ёрдам, ё милиция машинаси ўтиб кетди. Унинг кетидан эса уй ертўласидами ё том тарафданми мов бўлган мушукларнинг гўдак ноласидек чўзиқ, бироқ нохуш чинқиришлари чиқиб қолди.
– Мен учун дунёда шундан хунукроқ овоз бўлмаса керак, дедим ўзимча.
Тахмина кўзларини очган ҳолда майин жилмайди:
– Эҳтимол, улар учун дунёда энг лаззатли нола шу бўлса-чи?.. Унинг бу гапидан ичимда беихтиёр кулиб қўйдим.
Лекин индамадим. Яна ўйларимни Тахминанинг Дони ҳақидаги ҳикояси банд этди.
«У дўзахини тилга олмаган яхши. Қўйнимизга илон бўлиб кирган экан у». Тахмина ҳали шундай деганда яна нималарни назарда тутган эди? Унинг гўё анордек эзғиланган, шарбати сўриб олиниб, қонталаш қилинган юрагида яна қандай жароҳатлар пинҳон турипти?
Ногоҳ Тахмина яна ёстиқдан бош кўтарди.
– Собир ака, мен сизга ишонаман. Ўртамиздаги гаплар шу ерда қолиб кетсин. Умримда биринчи марта сизга ёриляпман…
– Мендан кўнглинг тўқ бўлсин, Тахмина. Агар чиндан ҳам менга ўз ҳасратларингни ёзиб, бундан оз-моз енгиллик тортаётган бўлсанг, мен учун шунинг ўзи бас…
– Мен… Бу ҳақда гапиришга тилим ожизлик қилади. – Тахмина ўз ҳикоясида давом этди. – Лекин пешонамга битилганини кўрмасдан иложим йўқ экан. Охири шундай бўлиб чиқиши кимнинг хаёлига ҳам келипти дейсиз? Ҳали айтдим-ку, дяд Доник мен учун дунёдаги энг яхши инсон бўлиб туюлган эди. Мен уни ўз дадамдек, баъзан эса, ҳатто, ундан ортиқроқ кўрардим. Кўнглимдаги нимаики гапим бўлса, нимаики орзуим бўлса, нимаики хоҳиш-истагим бўлса, ундан ҳечам ийманмай айтаверардим. Чунки мен унга ўз дадамга ишонгандай ишонардим. Дадамнинг қўлидан келмайдиган ишлар дяд Доникнинг қўлидан келиши аниқлигидан мен унга, ҳатто, кўпроқ ишонардим. Уни кўпроқ ҳурмат қилардим, кўпроқ севардим. Шу боис мен унга аям билан ўзаро алоқалари ҳақида бирон нима дейишга, дейиш эмас, ҳатто ўйлашга, хаёлга келтиришга чўчирдим, қўрқардим. Бунга ҳатто ишонгим ҳам келмас эди…
Дяд Доник уйимизга биринчи марта кириб келган ўша кундан кейин орадан икки йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Ана шу