Икки жаҳон оворалари. Абдужаббор Обидов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Икки жаҳон оворалари - Абдужаббор Обидов страница 23
– Қуда, сабр қилайлик. Бир гап бўлар. Қалдирғоч ҳали нима дейди.
– Ундан сўраб ўтириш бефойда. Хаёли осмонда учгани учган. Ердаги ҳаётни сиз, менчалик билмаса.
– Ким бўлмасин, ўз фикри бордир. Ҳали Акобир билан тураман дейдими ёки йўқми?
– Нима, уни ажратиб олмоқчимисиз? − деб кампир ўшшайди.
– Бўлмасам бошқа никоҳни ташкил қилиш зарурмиди?
– Қанақа никоҳ. Ҳийлаи шаърий.
– Шариат ман қилган ишни ҳийла билан амалга ошириш, гуноҳдан қутулиш учун қўлланиладиган тадбир. Шундайми?
– Айтдим-ку. Қўшни жувоннинг кўзи тушибди. Гап тарқатиб юборса, ўғлим нима деган эр бўларди?
– У ҳолда, энди Акобир унга номаҳрам, – бўш келмади Қадрия ойи ҳам.
– Номаҳрамми, йўқми? Ўзингиз биласиз, ўғлим яхши кўради. Бўлмаса, унга тегаман деганлар сероб, − деб кампир ҳам сўзини бермасди.
– Болалик жувонларми?
– Баайни шундай бўлсин. Ёмонми? Бировни боласига оталик қилади: савобли, ҳам шарафли.
– Партия кишиси бўлса, уни ажрашишига ким рухсат берарди. Отдан тушсангиз ҳам эгардан тушмайсиз. Бунча такаббурлик яхшимас, − деди Қадрия ойи суҳбатни мухтасар қилмоқ ниятида.
– Бўлмаса қадрини оширманг-да, қизингизни бозорга солиб.
Шу пайт Қалдирғоч кирганди, улар жимиб, унга тикилиб қолишди.
Ораста кийинган, белбурма халат, бошида дуррача, очиқ чеҳра билан хумор кўзларини ишқалаб: Ассалому алайкум, деб у салом берганди, иккалалари баробар алик олишди.
– Ваалайкум ассалом.
Қалдирғоч нонушта қилиб олгунча ҳар икки она индамай ўтириб, уни е, буни е деб манзират қилиб ўтиришди. Қўлини артгани заҳоти эса, гапга солишди.
Қадрия ойи: қизим уйингга қайтасанми, адангни феълини биласан. Менга қолса, қизлик ҳовлингда, мени қошимда истаганча юравер, дердим.
Қалдирғоч бошини кўтармай, дастурхон попугини чимдиб олганча индамади.
Кампир, ҳеч бир воқеа содир бўлмагандек, оҳиста тўнғиллади: сигир соғилмаган. Елинида сут ачиб қолади. Тезроқ қайтмасак… Бу биринчисимас, яна бунақа кетиб қоладиган бўлсангиз, юрагим ёмон, мени йиқитасиз.
Қалдирғоч эркаликлари ҳисобсиз, инжиқликлари ундан-да бисёр, у истаган пайтида бир-икки кийимини йўлхалтасига тиқиб, кўчага отилади, қайнанасини кўзини шамғалат қилиб, кўздан йўқолиб қолганини кампир кейин англайди. Бир соатга бормай у қизлик уйида пайдо. На онаси Қадрия, на отаси бир сўз дейишмайди. Қизимизни кўнгли яримта, феъли эса янгилик, эркинликни истайди, учиб, ёниб яшашни хоҳлайди… Романтикали. Бир кун қуюлиб қолар, деб ўз ҳолига қўйиб беришади. Бир ҳафтадан оширмай Акобир индамай олиб кетади. Хотинига бирор танбеҳ ёки дакки айтмайди. Кулиб: мен билан юрасизми? Сизни жуда соғинишди уйдагилар. Биринчи навбатда мен, деб аста шивирлайди.