.
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу - страница 9
− Йўқ, энди бир ишни бошлагандан кейин охиригача етказиш ҳам фарз, ҳам қарз. Мен ҳақимда ўйламанг! Шерик бўлса, қайтангга дала ишини қилиб турган соғлиққа фойдали бўларкан.
Акобир бир нима дейман деб оғиз жуфтлаганди, Оловиддин ундан ўзиб ҳазил қилди:
− Почча, янганинг иштаҳаси очилган кўринади, картошка йиғимидан сўнг пахта теримига ташланг, − деб кулди.
Аммо унинг кулгисини ҳеч ким қувватламади. Аксинча, Қалдирғоч қовоғини осиб нари кетди. Акобир ҳай деганича қолди.
Нонуштадан кейин Оловиддин бир ўзи картошка пайкалига тушди. Картошка кавлаганда жўякма жўяк қазиб борилса, тупроқ остида ҳосил қолиб кетмайди. У энг четдаги жўякдан бошлаб кетмон уриб, қазишни бошлади. Ҳар кетмон урганда бир ҳокандоз, бир ҳокандоз ҳосил кўчарди.
Бироз вақт ўтиб, Оловиддин ўн қадамлардан ўтганда Қалдирғоч келиб қўшилди. Эгнида кечаги чипор халати. Йиртилган енгини чатиб олибди. Чеҳраси очиқ, аммо хаёллари узоқда, бир зум ён атрофга, олисдаги тоққа, кўкка кўз тикиб шивирлаб шеър ўқиди:
− Муҳаббат кутганда келмаган эдинг,
Бағримга отганинг умуман бошқа.
Осуда чашмани лойқалаб нетдинг,
Қисмат йўриғи деб тенг қилдинг лошга.
Шуни ҳаёт билиб қандай яшайман,
Кўксима ботади гулмас тиканлар.
Қувноқ ёшлигимга қайтишга шайман,
Юришга лек қўймас симсиз кишанлар.
Оловиддин: «У қанақа шеър, ёки ўзингиз тўқиганмисиз?» – деб сўради.
− Ҳа. Ўзим ёзганман, – жавоб қилди янга.
Оловиддин ортиқча шеърга тушунмаса-да, «жуда яхши ёзибсиз, маъноли экан», деди оғиз тўлдириб.
Мақтов кимга ёқмайди. Янганинг ҳам чеҳраси сал очилди. Аммо, ҳамон қандайдир мустар ўйдан халос бўлмай, атрофга хаёлчан боқарди.
Орага жимлик қўнди.
Йигит янгани гапга солиш учун суҳбатни кийимига қаратди:
− Мен эса либосингиз зарарини тўлаб беришга қарор қилдим.
Янга жилмайиб, тикилган енгига ишора қилиб кучанди:
− Шу матони йиртдингиз-а? Харникидек куч бор экан-да ўзи?
«Нима учун хар. Хар дегани бу – эшак, лекин от эмас. Демак, янга уни мазахлашга ўтдими, бефарқмас», деб ўйлади йигит. Буни синаш учун ножўя ҳазил қилишга жазм этди:
− Эшак минилган бўлади, мен эса хўтикман ҳали, − деди Оловиддин унга нигоҳини қадаб, жавоб кутаркан. Аслида бу ҳазилда на маъни, на матра бор эди. Хўтик деб ёшига, балоғатга етмаганга айтилса, Оловиддин эса бу ўлчов теграсига тушмасди. Ўшангами, янга бу сўзларни эшитмаганга олиб, қаддини қайта тиклаб, қўлпоғини ечиб, дуррасини, сочини тўғрилаган бўлди, чўнтагидан юмалоқ ойна олиб, ўзини кўзгуга соларкан, сўнг бу ҳаракатларига