Изқувар Пуаро. Агата Кристи
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Изқувар Пуаро - Агата Кристи страница 5
– Улар қайсилар?
– Нима бўлгандаям, бир ҳолат аниқ. Ўлаётган одамнинг олдида ҳеч ким бўлмаган. У ўзига-ўзи қурол санчган бўлиши мумкин. Хулоса шуки, Ричард ўзини-ўзи ўлдирган.
– Уни бундай қилишга нима мажбур қилдийкин? – ҳайрон бўлди Реймонд Уэст.
– Бу масаланинг бошқа бир жиҳати, – деди адвокат йўталиб, – ҳозир мени назария қизиқтирмайди. Илоҳий кучларга эса сира ишонмайман. Агар адашмасам, ҳаммаси худди мен айтгандек содир бўлган. Яъни, у йиқила туриб ўзига тиғ санчган ва ханжарни суғуриб олиб дарахтлар панасига ирғитган. Унчалик ишонарли далил эмас-у, лекин шундай бўлгани ҳам эҳтимолдан узоқмас.
– Тўла ишонч билан айтолмайман-у, аммо ҳаётда баъзан ғалати ҳодисалар ҳам рўй бериб туради, – деди Марпл хоним.
– Холажон, сиз, Ричарднинг ўлимида бировнинг қўли йўқ, демоқчисиз, шундайми? – сўради Реймонд.
– Афсуски йўқ, азизим! – жавоб берди Марпл хоним. – Менимча, бу ерда бир сир бор, бечора Ричард қасддан ўлдирилган бўлиши ҳам мумкин. Нега у қоқиниб кетган, ҳозир шуни билгим келяпти. Балки дарахтнинг илдизи сабаб бўлгандир. У аёлдан кўзини узмай унга қараб юрган, шунда оёғи нимагадир илашган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
– Сизнингча, тиғ санчиб жаноб Ричардни ўлдиришнинг ягона йўли бўлган. Сизни тўғри тушундимми, Марпл хоним? – дея руҳоний унга қизиқсиниб қаради.
– Воқеанинг бу ёғи жуда қайғули, шу боис унга тўхталгим келмаяпти. У ўнг қўлидан фойдаланган, шундай эмасми? Мен чап елкани жароҳатлашнинг ягона йўлини назарда тутяпман. Бечора Жек Бейнзга ҳар доим раҳмим келади. Эслайсизми, Аррасдаги қирғинбарот урушдан кейин у ўзини оёғидан отган. Госпиталга борганда оёғини кўрганман. Сўнгра ўзининг бу аҳмоқлигидан узоқ вақт уялиб юрди. Мен шунга аминманки, бадбахт Эллиот Хейдон ўзининг бу даҳшатли жиноятидан кўп фойда кўрмайди.
– Эллиот Хейдон дейсизми? – сўради Раймонд. – Бу ишни у қилганми?
– Ундан бошқа ким ҳам қилиши мумкин, – дея қўл силтади Марпл хоним. – Ўткинчи тахминий гумонларни тўхтатиб, келинг, яхшиси, жаноб Петерикнинг маслаҳатига қулоқ тутиб далилларга мурожаат қилайлик.
Шундай қилиб, Эллиот биринчи бўлиб амакиваччасининг олдига келди… Фақат угина бошқаларни гавдаси билан тўсган ҳолда ўзига зарур ишни қилиши мумкин эди. Чунки у қароқчилар бошлиғи кийимини кийганди, шунинг учун ҳам унинг белида қандайдир қурол бўлгани табиий…
Меҳмонларнинг нигоҳи доктор Пендерга қаратилди.
– Бор ҳақиқатни, – дея сўзини давом эттирди у, – фожиа содир бўлганидан кейин орадан беш йил ўтгач, барча тафсилотлари билан билиб олдим. Буларнинг барчаси Эллиот Хейдон менга жўнатган