Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари. Артур Конан Дойл
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари - Артур Конан Дойл страница 11
Мен бу ерда бир ойдан бери турибман. Бир фермага жойлашганман. Мен ижарага олган хона биринчи қаватда: кечалари уй соҳибига сездирмай ташқарига чиқишим учун жуда қулай. Илсини ўз томонимга оғдириш учун роса уриндим. Мен ёзиб қолдираётган раққос одамчаларни Илси ўқиётганини билардим, чунки бир куни мен ўз ёзувим остида у ёзган жавобни ўқидим. Ниҳоят, тоқатим тоқ бўлиб уни қўрқита бошладим. Шундан кейин у менга хат юборди: хатида менга илтижо қилиб, бу ердан жўнаб кетишимни, агар эри бирор можарога йўлиқса, қалби чилпарчин бўлишини ёзипти. Яна у ўз хатида, агар уни тинч қўйиб, юртимга жўнаб кетишга сўз берсам, эри уйқуга кетгандан кейин, тунги соат учда дераза орқали мен билан суҳбатлашишга рози бўлипти.
Кейин у мен билан суҳбатлаша туриб, мендан қутулиш учун пул таклиф қила бошлади. Бу таклифи ғазабимни қайнатди, шунда унинг билагидан ушлаб дераза орқали тортиб олмоқчи бўлдим. Худди шу маҳал қўлида тўппонча билан эри югуриб келди. Илси ҳушидан кетиб ерга йиқилди-ю, биз – икки рақиб юзма-юз тўқнашдик. Мен ҳам қуролланган эдим, уни чўчитиш ва шу йўл билан қочиб қолиш мақсадида револьверимни унга ўқталдим. У менга ўқ узди, лекин ўқи хато кетди. Мен ҳам деярли у билан бир пайтда ўқ уздим, у «гурс» этиб қулади. Шунда мен боғни тикка кесиб қоча бошладим, орқамда деразанинг «қарс» этиб ёпилгани эшитилди… Шуларнинг ҳаммаси рост гап, жентльменлар, лекин ундан кейин то анави йигитча от чоптириб бориб қўлимга хат тутқизгунча нималар бўлганидан мутлақо бехабарман. Мен хатни ўқиган заҳотим бу ёққа югуриб келдим, келдим-у, қўлингизга тушдим…
Бу аснода уй олдига кэб келиб тўхтади: унда икки нафар полисмен ўтирарди.
Инспектор Мартин ўрнидан туриб, маҳбуснинг елкасига оҳиста қўлини теккизди.
– Жўнаш керак.
– Кетиш олдидан Илсини бир кўрсам девдим, мумкинми?
– Йўқ, у ҳали ҳам беҳуш ётибди… Мистер Шерлок Холмс, менинг бирдан-бир умидим шуки, агарда зиммамга биронта йирик ишни тергов қилиш тушса-ю яна сиз билан бирга ишласам, ўзимни бениҳоя бахтиёр ҳисоблаган бўлур эдим.
Биз дераза олдида турарканмиз, узоқлаб бораётган кэбни кузатардик. Орқамга ўгирилиб, жиноятчи стол устида қолдирган қоғозни кўрдим. Бу Холмснинг Аб Сленига юборган хати эди.
– Қани, Уотсон, ўқишга уриниб кўринг-чи, – деди жилмайиб дўстим.
Хатга қуйидаги раққос одамчаларнинг тасвири туширилган эди:
– Агар изоҳим эсингизда бўлса,