Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари. Артур Конан Дойл

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари - Артур Конан Дойл страница 27

Жанр:
Серия:
Издательство:
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари - Артур Конан Дойл

Скачать книгу

яна бир эшикни очди, ичкарига кирган заҳотимиз дўстим уни ҳам қулфлади. Мен қўл узатган эдим, қўлим деворга осилган бир нечта пальтога тегди, шунда йўлакка чиққанимизни тушундим. Биз яна бир оз юрдик, кейин Холмс ўнг томондаги эшикни ниҳоятда эҳтиётлик билан очди. Бир нима устимизга «тап» этиб сакради, қўрққанимдан юрагим «шув» этиб кетди. Билсам, бу мушук экан, шунда қўрқоқлигимдан кулиб юборишимга сал қолди. Хонада, каминда олов ёниб турар, бу ерни ҳам тамаки ҳиди босганди. Холмс хонага оёқ учида юриб кирди, кейин мени киритди-да, ниҳоятда эҳтиётлик билан эшикни ёпди. Биз Милвертоннинг кабинетига кирган эдик. Унинг хобхонасига очиладиган эшик биз кирган эшикнинг қарама-қарши томонида, қалин парда орқасида эди.

      Каминда ланғиллаб ёнаётган олов хонани ёритиб турарди. Эшик яқинида деворда электр тугмаси бор эди, лекин ҳеч қандай хавф бўлмаган тақдирда ҳам, чироқ ёқишга эҳтиёж йўқ эди. Каминнинг бир ёнига осилган қалин вазмин парда ташқарига туртиб чиққан камгак ердаги деразани тўсиб турарди. Каминнинг иккинчи ёнида эса ровонга чиқадиган эшик бор эди. Хонанинг қоқ ўртасида ёзув столи, стол ёнига қип-қизил чарм қопланган айланувчи курси қўйилган. Стол қаршисида катта китоб шкафи бўлиб, унинг устида Афина10 нинг мармар бюсти турарди. Китоб шкафи билан девор оралиғидаги бурчакда яшил рангли каттакон темир сандиқнинг ярақлатиб тозаланган мис бандида каминдаги олов мавжланарди. Холмс шу темир сандиқ олдига оҳиста юриб борди ва уни синчиклаб кўздан кечирди. Кейин хобхона эшигига оёқ учида бориб, қулоғини эшик тирқишига тутди. Ичкари сув қуйгандек жимжит эди. Бу аснода миямга, ҳар эҳтимолга қарши ташқарига чиқадиган эшик орқали чекиниш тараддудини кўриб қўйиш керак, деган фикр келди-ю, шу эшикни кўздан кечирдим. Таажжубки, эшик на қулфланган, на илгакланган эди. Мен қўлимни Холмснинг қўлига теккиздим, у ниқоб таққан юзини эшик томонга бурди. У ҳам таажжубда эди.

      – Бу менга ёқмаяпти, – деб пичирлади у қулоғимга. – Ҳайронман, нега очиқ қолдирдийкин. Нима бўлганда ҳам фурсатни қўлдан бой бермаслигимиз керак.

      – Сизга ёрдам беришим мумкинми?

      – Ҳа, эшик олдига бориб туринг. Агар бирон кишининг шарпасини эшитсангиз дарҳол эшик зулфинини суринг, биз ўзимиз келган йўлдан чиқиб кетамиз. Агар бу ерга қишки боғ томондан киришса-ю, биз ишни тугатган бўлсак, унда манави эшик орқали чиқиб кетамиз. Мабодо ҳужжатларни олишга улгурмасак, унда дераза пардаси орқасига яширинамиз. Тушундингизми?

      Мен бош ирғаб, эшик олдига бориб турдим. Юрагимга ғулғула солган бояги қўрқув туйғуси ўтиб кетган ва энди вужудимни шундай ўткир завқ қамраб олган эдики, бундай ҳузурни қонунни ҳимоя қилган пайтларимизда қонунга қарши иш кўраётган ҳозирги пайтдагидек ҳис қилмаган эдим. Олий мақсадни кўзлаган, бизни бу ишга даъват этган нарса худбинлик эмас, балки одамохунлик истаги эканлигини идрок этиш, ғанимимизнинг мурдорлигидан нафратланиш – мана шу ҳиссиётларнинг ҳаммаси бир ғайратимизга ўн ғайрат қўшарди.

Скачать книгу


<p>10</p>

Афина – Қадимги юнон мифологиясида олий худо Зевснинг қизи, жанговар маъбуда.