Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари. Артур Конан Дойл

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари - Артур Конан Дойл страница 28

Жанр:
Серия:
Издательство:
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари - Артур Конан Дойл

Скачать книгу

стул ғижирлади, шунда қулоғимга қоғоз шитирлагани эшитилди.

      Шу пайтгача парда орасидан мўралаб қарашга журъат эта олмаган эдим, лекин энди пардани оҳиста суриб, торгина тирқишидан хонага қарадим. Холмс пинжимга кириб кетди, демак, у ҳам кузатаётган эди. Биз шундоққина рўпарамизда, қўл чўзса етадиган масофада Милвертоннинг кенг ва дўнг елкасини кўрдик. Бу одамнинг турмуш тарзи ҳақидаги тахминларимиз мутлақо хато эканлиги бизга аниқ бўлди. У ётоқхонага ҳатто кирмаган ҳам, балки ҳовлининг этагидаги деразаси кўзимизга ташланмаган чекка уйда бирон чекиш хонасида ёки биллиардхонада ўтирган бўлиши керак. Унинг сочига оқ оралай бошлаган, тепакал, ялтироқ каттакон боши шундоққина кўз олдимизда турарди. У қизил чарм қопланган креслога суяниб, оёқларини узатиб ўтирарди, оғзидаги узун қора сигара юқорига тиккайган эди. Эгнига қора духоба ёқали қирмизранг калта камзул кийганди. У оғзидан ҳалқа-ҳалқа тутун чиқарар экан, қўлидаги узун бир ҳужжатни эринчоқлик билан ўқирди. Унинг жуда бемалол жойлашиб ўтириши ва ўзини хотиржам тутиши, ҳали-бери кабинетни тарк этмаслигидан далолат берарди.

      Шу пайт Холмснинг қўли қўлимга тегди ва таскин маъносида сиқиб қўйди. Бу ҳаракати билан у гўё, шундай бўлишини билган эдим, хотирингиз жам бўлсин, демоқчидай эди. Лекин у мен кўриб турган нарсани, яъни темир сандиқнинг эшикчаси зич ёпилмаганини кўрган-кўрмаганини билмасдим, ахир Милвертон буни ҳар дақиқада пайқаб қолиши мумкин эди-ку. Мен ўзимча шундай қарорга келиб қўйдим: мабодо у темир сандиқнинг очилганини сезиб қолса, дарҳол пистирмамдан отилиб чиқаман-у, пальтомни Милвертоннинг бошига ёпиб, қўлини боғлайман, у ёғини Холмснинг ўзи тинчитади. Лекин Милвертон бир марта ҳам темир сандиқ томонга қарамади. У қўлидаги бир даста қоғозни саҳифама-саҳифа ҳеч шошмасдан ўқиб ўтирарди. Мен унинг ҳужжатларни ўқиб тугатиб, сигарасини чекиб бўлгач, ётоқхонасига кириб кетади деб умид қилган эдим, бироқ у ўқишни ҳам, чекишни ҳам тугатмасидан мутлақо биз кутмаган воқеа содир бўлди.

      Мен Милвертоннинг бир неча марта соатга қараб-қараб қўйганини, бир марта эса бетоқат бўлиб ўрнидан туриб, яна ўтирганини кузатдим. Аммо шундай бемаҳалда унинг ким биландир учрашиши мутлақо хаёлимга келмаган эди. Шу чоғ бирдан ровон томондан аллакимнинг оёқ товуши элас-элас эшитилди. Милвертон қоғозларни столга ташлаб, ўтирган жойида оёқларини узатди. Салдан кейин кимдир эшикни оҳиста тақиллатди. Милвертон туриб бориб уни очди.

      – Сиз ярим соат кечикиб келдингиз, – деди у жаҳл билан.

      Э, ҳа, эшикни очиқ қолдирганига, Милвертоннинг ярим тунгача бедор ўтирганига сабаб бу экан-да! Қулоғимизга аёл кўйлагининг оҳиста елпингани эшитилди. Милвертоннинг юзи энди биз томонга ўгирилган эди, шунинг учун пардани суриб, тирқишини беркитган эдим, аммо синчковлигим устун чиқиб, яна парда оралиғини хиёлгина очдим. Милвертон энди креслода ўтирар, оғзидаги сигара ҳамон такаббурона тиккайиб турарди. Электр чироғи билан ёритилган

Скачать книгу