Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари. Артур Конан Дойл
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари - Артур Конан Дойл страница 34
– Ҳа, мистер Кэлвертон Смит уйдалар. Доктор Уотсон, дедингизми? Яхши, жаноб, мумкин бўлса ташриф қоғозингизни берсангиз.
Менинг камтарин исмим ва касбим мистер Кэлвертон Смитга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганга ўхшайди. Чунки, қия очиқ эшикдан унинг ингичка, асабий овозини эшитдим:
– Ким экан? Унга нима керак? Ахир сизга неча маротаба айтаман, Стэплс, мен ишлаётганимда халақит берманг деб.
Хизматкор итоаткорона шивирлаб уни тинчлантирмоқчи бўлди.
– Стэплс, уни қабул қилмайман. Халақит беришганини ёмон кўраман. Унга мени уйда йўқ деб айта қолинг. Агарда жуда керак бўлсам, майли, эртага эрталаб келсин.
Яна паст овоздаги шивирлаш:
– Боринг, боринг, айтганимни қилинг. Эрталаб кела қолсин ёки умуман келмасин.
Кўз олдимга Холмснинг тўшакда ғужанак бўлиб, ёрдам кутиб ётгани келди. Ҳозир одоб сақлайдиган пайт эмаслигини тушундим. Холмснинг ҳаёти менинг хатти-ҳаракатимга ва менинг қудратимга боғлиқ эди. Хизматкор чиқиб хўжайинининг фармонини айтмоқчи бўлганди, уни четга суриб хонага отилиб кирдим.
Камин ёнидаги креслода ўтирган одам ғазаб билан бақириб ўрнидан туриб кетди. Шунда мен сариқ, қўпол юзли, семиз, бағбақалари осилган, пахмоқ сариқ қошлар тагидан менга тикилиб турган кулранг ғазабнок кўзларни кўрдим.
Пуштиранг кал бошига сал қийшайтириб духоба телпак кийиб олган. Аммо боши ҳаддан ташқари катта эди. Лекин нигоҳим пастга тушган сайин унинг танаси қилтириқ, елкалари тушиб кетган ва хиёл қийшайганини аниқладим. Менимча, ёшлигида бу одам рахит бўлган.
– Бу нимаси энди? – деб ўшқирди ингичка овозда. – Нега бостириб кирдингиз? Мен ахир эртага келсин, деб айтгандим-ку!
– Кечирасиз, – дедим, – аммо бу жуда ҳам зарур. Шерлок Холмс жаноблари…
– Сиз… Холмснинг олдидан келдингизми?
– Мен ҳозиргина унинг ҳузуридан келдим.
– Холмсга нима бўлди?
– У ҳозир жуда қаттиқ бетоб. Шунинг учун ҳам сизнинг ёнингизга келдим.
Уй эгаси мени ўтиришга таклиф этди ва ўз креслоси томон ўгирилди. Камин устидаги тошойнада унинг акси ялт этиб кўринди. Қасамёд қилиб айтишим мумкинки, унинг юзида қандайдир жирканч ёвузона жилмайиш бор эди. Шунда мен, «бу жилмайиш эмас, асабдан томир тортилиши бўлса керак», деб ўйладим. Аммо яна бир дақиқадан сўнг менга ўгирилиб ўтирганда юзида ўша ҳамдардлик пайдо бўлди.
– Бу хабарни эшитиш мен учун жуда оғир, – деди у. – Мен жаноб Холмс билан фақат иш юзасидангина учрашгандим, аммо уни фақат буюк истеъдоди учунгина эмас, балки асл инсон бўлгани учун ҳам ҳурмат қиламан. У жиноятларни топиш билимдони, мен эса беморларни даволаш билимдони; у ёвузлар билан курашса, мен микроблар билан