Қайнона ва келин. Ахмад Мухаммад Турсун
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қайнона ва келин - Ахмад Мухаммад Турсун страница 2
Унда нима қилиш керак? Унда исломий муносабатларга ўтиш, шариат кўрсатмаларига бўйсуниш керак, холос. Бу хушхулқли бўлиш, ўзгаларга раҳмдиллик кўрсатиш, бировга озор етказмаслик ва зулм қилмаслик борасида Аллоҳ таолонинг амрларини, Расулуллоҳнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришга киришиш керак, деганидир.
Энди ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Ана шу кўзингизга мўлтираб, илиги қалтираб турган аёл – ўзга бир ота-онанинг ўн саккиз йил авайлаб, «па-па»лаб, ўзи емай едириб, ўзи киймай кийдириб, еру кўкка ишонмай вояга етказган арзанда қизи. Унинг шаъни, иффатини асраш, яхши тарбия бериш, одоб-ахлоқини ўнглаш, рўзғор ишларига ўргатиш учун қанча оромидан кечган. «Ўксийди», «бировнинг хасми», «уйда меҳмон», деб ҳатто қаттиқ гапирмаган, тергамаган. Сизнинг «Қудачилик – минг йилчилик, ўз қизимдай кўраман», деган ваъдаларингизга ишониб ана шу қалбининг бир парчасини сизга қўш-қўллаб тутган.
Ўн саккиз яшар қиз ҳали тажрибасиз, ғўр, ҳаётнинг паст-баландини илғамайди, эҳтимол катталарни ҳурмат қилишни ҳали ўрганмаган, балки хонадонингизда йиллар мобайнида таркиб топган тартиб-қоидаларни, анъаналарни у ҳали тушуниб етмагандир? Оила аъзоларининг табиатини тушуниб, кўнглини тополмагандир? Шундай экан, нега сиз бағрикенглик қилиб, раҳмшафқат кўрсатиб, яхши гапириб, алқаб ва алдаб, айланиб-ўргилиб йўлингизга сололмайсиз?
Хўп, у хато қилибди, адашибди. Бирор юмушни сиз айтгандай, сиз хоҳлагандай қилмабди. Бундан қиёмат қоим бўлмагандир? Ахир сиз ҳам қирққа, элликка, олтмишга кириб энди тажриба орттирдингиз, ҳозирги ақлингизни топдингиз. Шундай экан, унга ҳам ўргатинг, насиҳат қилинг, ҳолатига тушунинг, йўлингизга солинг. Қизингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг. Борди-ю, қизингиз, жигарбандингиз ўзга хонадонга келин бўлса, унга қандай муомала қилишларини хоҳлардингиз? Шу ҳақда бир тасаввур қилиб кўринг.
Йўқ, бу тўғрида ўйлаб ўтирмаймиз. Дарров айб қидиришга ўтамиз. Битта камчилигига ўнтасини қўшиб шиширамиз. Ҳатто қўшнилар-у таниш-билиш, қариндош-уруғларгача ҳасрат қилиб чиқамиз. Бунга аччиқланган келинни «Қовоғини уйди, тўнини тескари кийиб олди», деб ҳайдашга уринамиз. Не-не умидлар, қанча қийинчиликлар билан тикланган оила қасрини вайрон қилишга чоғланамиз. Агар эр-хотиннинг муросалари бўлмаса ҳам гўргайди, аксинча ўғлингиз билан келинингиз ўртасидаги муносабатлар ҳавас қилгудай: бир-бирига муҳаббатли, садоқатли, оқибатли.
ВОҚЕЛ. Тўй бўлганидан бир йил ўтмаёқ, ёшгина оила бузилиб кетди. Келиндан ноаҳилликнинг сабабини сўрашувди, анчагача сукут сақлаб турди-да, кейин секингина: «Эр-хотин яхши эдик. Аммо хонадондагилар билан муросамиз келишмади», дея олди. Кейин куёвдан уриш-жанжалларнинг сабабини сўрадик. Унинг жавоби қуйидагича бўлди: «Уйланганимнинг тўртинчи ойи эди. Онам бўлар-бўлмасга ҳаётимизга аралашиб, уни заҳарга айлантира бошладилар. Гарчи турмуш ўртоғимни севиб, ҳурмат қилсам-да, уни ҳимоя қилишга ўзимда журъат тополмадим.