Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Чол ва денгиз - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 10
– Чўқиди, – деди чол. – Энди бир бурнидан чиққунча тўйиб еб олсин-чи.
У чилвирни ўз ҳолига қўйиб берди-да, чап қўли билан икки эҳтиёт калаванинг бўш учини, бошқа қармоқнинг икки эҳтиёт калавасига улади. Шу билан ҳаммаси тахт бўлди. Ҳозир қўлидагидан ташқари, унда яна ҳар бирининг узунлиги қирқ саржиндан келадиган учта эҳтиёт шарт калава ипи ҳам бор эди.
– Яна пича есанг-чи, – деди у. – Еявер, уялма. «Шундай егинки, токи қармоқ илгаги нақ юрагингга бориб етсину, тил тортқизмай гумдон қилсин сени, – деб ўйлади у. – Ўзинг ёнимга чиққин, бу ёғига гарпун санчишни менга қўйиб бер. Шундоқ бўлсин. Қалай, тайёрмисан? Роса тўйиб олдингми?»
– Бошладик! – деди у овоз чиқариб ва чилвирни қаттиқ юлқиб, бир ярдча4 тортиб чиқарди, кейин эса қайта-қайта юлқиб, ҳар юлқишда қўллари ва жисмининг бор қувват-мадорини ишга солиб, ўрамни сигир соққандай, гоҳ у қўли, гоҳ бу қўли билан тортиб чиқара бошлади.
Ҳамма уринишлари зое кетди. Балиқ эринмайгина илгарилаб борар, чол уни ўзига бир дюйм ҳам яқин келтира олмасди. Унинг чилвири катта балиқларга мўлжалланган, пишиқ эди. Чол уни елкасига олиб, шундай ҳам таранг тортдики, ҳатто сув зарралари сачраб-сакрашиб кетди. Кейин чилвир сувда заиф вишиллади, чол бўлса, ўриндиққа тираниб, ҳамон уни бўшатмас эди. Қайиқ бирмунча шимоли-ғарб томонга оға бошлади. Балиқ сузгандан сузиб борар, улар зилол сув бўйлаб оҳиста узоқлаб кетишарди. Бошқа хўраклар денгизга қандай ташланган бўлса, ҳамон шундайлигича турар, чол уларни нима қилишни билмасди.
– Қани энди, ёнгинамда бола бўлса! – деди у. – Балиқ мени шатакка олди, ўзим-ку буксир битенггига5 ўхшаб қоляпман. Ўрамни асли қайиққа боғлаб қўяверса ҳам бўлаверарди. Аммо бунақада балиқ, Худо кўрсатмасин, узиб қочиши мумкин. Мен уни маҳкам ушлашим ва керагича бўшатиб туришим керак. Худойимдан ўргилайки, у чуқурликка кетмайгина сузиб юрибди. Мабодо у чуқурроқ тушишни хоҳлаб қолса, мен нима қилдим? Агар у тош бўлиб денгиз қаърига кетса, ўша ерда ўлиб қолса, нима қиламан? Билмайман. Ўшанда маълум бўлар. Нималар қилмаслигим мумкин менинг!
У ўрамга елкаси билан тиркалиб тураркан унинг сувга қандай оғаётгани-ю, қайиқнинг шимоли-ғарбга томон оҳиста жилиб боришини кузатар эди.
«У кўп ўтмай ўлади, – ўйларди чол. – Доимо сузиб юравериш мумкин эмас».
Бироқ тўрт соат ўтса ҳамки, балиқ ҳамон қайиқни ўз ортидан судраганча, тиним билмай, очиқ денгизга кетиб борарди, чол эса, ўша-ўша, елкасида сиртилган чилвир, оёғи банкага тироғлиқ ўтирарди.
– Уни ушлаганимда, айни пешин эди, – деди чол. – Шу пайтга довур ҳам ўзини кўрганимча йўқ.
Балиқни
4
Я р д – (узунлик ўлчови) – 0,95 м.га баробар.
5
Б и т е н г – кеманинг олд қисмига ўрнатилган пўлат ёки чўян ғўла. Кема шатакка олинганда арқон шунга боғланади.