Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Чол ва денгиз - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 11
Кейин овоз чиқариб деди:
– Боланинг ёнимда йўқлиги ёмон бўлди. Ҳарна мадад эди. Ҳам буларнинг барини ўз кўзи билан кўрган бўларди.
«Кексайганда, киши ёлғиз ўзи кимсасиз қолмасин экан, – деб ўйларди у. – Аммо бу кўргиликдан қочиб қутулиб бўлармиди. Тунец ҳидланиб қолмасдан бурун еб олишни унутмасам бўлгани, ахир, мен кучдан қолмаслигим керак. Унчалик очиқмаган тақдиримда ҳам, уни эрта билан еб олиш хотирамдан кўтарилмаса бас. Ишқилиб, нима бўлганда ҳам унутмай-да, унутмай», – деб такрорларди у.
Тунда қайиқ ёнига икки денгиз чўчқаси сузиб келди. Чол нар чўчқанинг пишқирганини, модасининг гўё ҳомуза тортгандай, эшитилар-эшитилмас, пишиллаётганини эшитди.
– Қурғурлар-э, – деди чол. – Ўйнашади, шўхлик қилишади ва бир-бирларини яхши кўришади. Улар бизга худди учар балиқлар сингари яқин.
Кейин у қармоғига тушган катта балиққа жуда ҳам ачиниб кетди. «Турган-битгани мўъжиза-ку бу балиқнинг. Унинг дунёда неча йил умр сурганини Худойимнинг ўзи билади. Менинг қўлимга ҳеч қачон бунақанги кучли балиқ тушмаган. Ўзини тутишини қаранг, ақл бовар қилмайди-я бунга. Эҳтимол, унинг сакраб чиқмаётгани ҳам бениҳоя ақлли бўлганидандир. Агарда у бор кучи билан олдинга интилса ёки сапчий қолса борми, тирик қўймасди мени, ахир. Аммо, балки бу унинг қармоққа биринчи марта тушиши эмасдир ва у жонини сақлаш учун мана шу алфозда курашмоқни афзал билар. Ўз мухолифи ёлғиз бир киши, у ҳам бўлса, чол эканини қаердан билсин. Лекин бу балойи азим балиқ экан, агар унинг гўшти мазали бўлса, қанчадан-қанча пул келтиради! У хўракка ҳам нордай ташланди, нордай судраяпти, бунинг устига мен билан қўрқув нима билмасдан олишяпти. Қизиқ, у ўзининг нима қилиши кераклигини билармикин ёки худди менга ўхшаб, бош-кетига қарамай сузяптими?»
У, бир сафар қармоқда мода марлин тутганини эслади. Нор балиқ доимо модасини емишга биринчи бўлиб қўяди. Қармоққа тушган мода даҳшат ичида жон-жаҳди билан зўр бериб олиша бошлади, бу уни ҳаш-паш дегунча ҳолдан тойдириб қўйди, нор балиқ бўлса, ундан бир қадам ҳам орқада қолмасдан, денгиз юзида ёнма-ён сузар, чарх айланар эди. У шундай яқин келиб сузардики, чол, балиқ худди ўроқ каби ўткир, кўриниши ҳам деярли ўроқникидан қолишмайдиган думи билан чилвирни қирқиб юборадими, деб қўрқарди. Чол мода балиқни чангак билан санчиб олиб, худди қилич сингари кескир, ғадирбудур оғзидан ушлаб туриб, тўқмоқ билан миясига туширган пайтида ҳам, то унинг ранги ўзгариб, кўзгулар