Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Алвидо, қурол - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 16
– Басси ютди, – дедим мен. – У бақувватроқ. Мен боришим керак.
– Тўғри, бориши керак, – деди Ринальди. – Учрашувга боради. Мен биламан-ку.
– Мен боришим керак.
– Келаси сафаргача, – деди Басси. – Келаси сафаргача куч йиғиб келинг.
У елкамга қоқиб қўйди. Стол устида шамлар ёниб турарди. Ҳамма офицерларнинг кайфлари жойида эди.
– Хайрли тун, жаноблар, – дедим мен.
Ринальди мен билан бирга чиқди. Биз ҳовлига кираверишдаги эшик олдида тўхтадик, у деди:
– Сиз у ерга ичиб бормаганингиз тузук эди.
– Маст эмасман, Ринин. Чин сўзим.
– Жуда бўлмаса қаҳва донидан чайнаб юборинг.
– Бекор гап.
– Ҳозир сизга келтириб бераман, бэби. Шу ерда айланиб туринг. – У бир ҳовуч қовурилган қаҳва донидан кўтариб келди. – Чайнаб юборинг, бэби, Худо сизни ёрлақасин.
– Бахус, – дедим мен.
– Сизни кузатиб қўяман.
– Ҳожати йўқ. Маст эмасман.
Икковлон шаҳар бўйлаб кетдик, мен қаҳва донини чайнаб бордим. Инглизларнинг боғ уйига элтадиган хиёбон олдида Ринальди менга хайрли тун тилаб қолди.
– Хайрли тун, – дедим мен. – Юринг, ўзингиз ҳам.
У бош чайқади.
– Йўқ, – деди у. – Мен бош оғриғи ишларга тобим йўқ.
– Қаҳва учун раҳмат.
– Арзимайди, бэби. Арзимайди.
Хиёбондан юриб кетдим. Икки чеккадаги сарв оғочларининг гавдаси яққол кўзга ташланарди. Мен орқамга ўгирилдим-да, Ринальди изимдан қараб турганини кўрдим, унга қўл силкиб, хайрлашдим.
Мен боғ уй қабулхонасида Кэтрин Барклини кутиб ўтирардим. Кимдир пешайвонга кирди. Ўрнимдан турдим, бироқ бу Кэтрин эмасди. Кирган мисс Фергюсон эди.
– Хэлло, – деди у. – Кэтрин бугун, афсуски, сиз билан кўришолмас экан. Мендан шуни айтиб қўйишни сўради.
– Афсус.