Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Алвидо, қурол - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 17
– Соғлиғим дуруст, – деди у. – Кеча иссиқдан бир оз лоҳас бўлдим, шекилли.
– Мен кетишим керак.
– Бир дақиқага сиз билан чиқаман.
– Ўзингиз тузукмисиз, ҳеч қаерингиз оғримаяптими? – сўрадим мен ташқарига чиққанимиздан сўнг.
– Тузукман, жоним. Сиз бугун келасизми?
– Йўқ. Мен ҳозир кетяпман – бугун Плавада масхарабозлик бўлади.
– Масхарабозлик?
– Шунга яқин.
– Ўзингиз қачон қайтасиз?
– Эртага.
У ниманидир ечиб, бўйнидан олди. Менинг қўлимга берди.
– Бу авлиё Антоний, – деди у. – Эртага кечқурун келинг, хўпми?
– Сиз католикмисиз?
– Йўқ. Лекин айтишларига кўра авлиё Антоний бало-қазолардан сақлармиш…
– Сизни деб уни эҳтиёт қиламан. Хайр энди.
– Йўқ, – деди у. – Хайр эмас.
– Хўп.
– Ақлли бўлинг-да, ўзингизни эҳтиёт қилинг. Йўқ, бу ерда ўпишиш мумкин эмас. Керакмас.
– Хўп.
Мен орқамга қараб, унинг зинада турганини кўрдим. У менга қўл силкиб қўйди, мен унга ғойибона ўпич тақдим қилдим. У яна қўлини силкиди, кейин хиёбон тугади, мен машинага ўтирдим, йўлга тушдик. Авлиё Антоний оқ металлдан ишланган кичкина медальонга жойланган эди. Мен медальонни очиб, қўлимга қоқдим.
– Авлиё Антонийми? – сўради шофёр.
– Ҳа.
– Менда ҳам бор. – У ўнг қўлини рулдан олиб, тугмачасини ечиб, кўйлаги ичидан мендагига ўхшаш медалон чиқарди. – Кўрдингизми?
Мен авлиё Антонийни яна медальон ичига жойлаб, ингичка тилла занжирини йиғдим-да, ҳаммасини ён чўнтагимга солиб қўйдим.
– Сиз уни бўйнингизга осмайсизми?
– Йўқ.
– Яхшиси осиш керак. Бўлмаса нима ҳожати бор?
– Яхши, – дедим. Тилла занжирчани ёздим-да, бўйнимга осиб, занжирини қулфлаб қўйдим. Авлиё ҳарбий френчим устида туриб қолди, мен ёқамни очиб, кўйлагимнинг ёқасини бўшатдим-да, авлиё Антонийни ичимга солиб қўйдим. Машинада ўтирарканман, кўкрагимга унинг металл ғилофи суйкалиб борарди. Кўп ўтмай у эсимдан чиқди. Яраланганимдан сўнг уни қайтиб кўрмадим. Кимдир уни боғлаш пунктида ечиб олган бўлса, ажабмас.
Кўприкдан ўтгач, биз машинани тезроқ ҳайдадик ва кўп ўтмай олдинда бошқа машиналар кўтараётган чангни кўрдик. Бурилишдан ўтганимиздан сўнг учала машина ҳам кўринди; улар қўнғиздай бўлиб кўринмоқда эди, чанг ғилдираклар остидан кўтарилиб, дарахтлар ортига сингарди. Биз уларга етиб олдик, қувиб ўтиб, тоққа томон кетган бошқа йўлга бурилдик. Агар олдинги машинада кетаётган бўлсанг колоннада юриш ёмон нарса эмас, шунинг учун мен ўрнашиброқ ўтириб олиб, атрофни томоша қила бошладим. Биз дарё томондан тоғ этаги билан кетмоқда эдик, йўл юқорилагач, шимол томонда баланд қорли чўққилар кўринди. Орқамга назар ташлаб, қолган учта машинанинг баландликка қандай чиқиб келишини кузатдим, машиналар чанг-тўзон ичида элас-элас кўзга чалинарди.