Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Алвидо, қурол - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 18
Тўққизинчи боб
Йўл одамлар ва транспортга тиқилиб кетганди; йўлнинг иккала бети бўйлаб чипта ва похолдан қилинган бўйралар чўзилиб кетган, ҳатто йўлнинг тепаси ҳам бўйралар билан қопланганидан, у худди циркнинг йўлкасига ёки ёввойиларнинг қишлоғига ўхшарди. Шу чайлага ўхшаган йўлдан имиллаб ўтиб, ниҳоят тоза, текис сайҳонликка чиқдик, аввал бунда темир йўл бекати бўлган эди. Йўлнинг бу томони қирғоқ бўйи кўтармасини кесиб тушган эди. Бутун йўл давомида кўтармада пана жойлар қилинган бўлиб, уларга пиёдалар жойлашганди. Кун ботиб борарди, мен кўтарма оша қараб, дарёнинг нариги юзидаги тоғларда қорайиб кўринган Австриянинг кузатув аэростатларини кўрдим. Биз машиналарни ғишт заводининг харобалари панасига қўйдик. Ғишт куйдириладиган ўчоқлар ва бир қанча чуқур ўраларда ярадорлар учун пунктлар қилинганди. Врачлар ичида менинг учта танишим бор эди. Бош врач менга жанг бошланиши билан бизнинг машиналар ярадорларни олиб, қирғоқ бўйлаб пана йўлдан бориб, кейин юқорига, довонга томон юради, довонда ҳамширалар пости бор, бу ерда ярадорларни бошқа машиналар кутиб туради. Йўл тўсилиб қолмаса бўлгани, деди у. Бошқа йўл йўқ эди. Йўл австрисларга кўриниб тургани учун уни кўздан яшириш чоралари кўрилганди. Бу ерда – ғишт заводида қирғоқ кўтармаси бизни милтиқ ва пулемётларнинг ўқидан сақлаб турарди. Дарёнинг у бетидан бу томонга фақат битта бузилай деб қолган кўприк бор эди. Тўплар отишмаси бошлангач, яна битта кўприк солинади, қўшиннинг бир қисми эса дарё қайрилишидаги кечувдан ўтади. Бош врач бўйи пастаккина, шоп мўйлов киши эди. У майор унвонида бўлиб, Ливия урушида қатнашган, икки марта яраланган эди. У, агар ҳаммаси кўнгилдагидек ўтса, мени мукофотга тавсия этажагини айтди. Мен, ҳаммаси жойида бўлади, дедим ва унга меҳрибончилиги учун раҳмат айтдим. Мен шофёрларни жойлаштирадиган каттароқ блиндаж борй ўқлигини сўрадим, у бир солдатни чақириб, менга жой кўрсатишни тайинлади. Солдат билан сал юрмасимиздан шинамгина блиндаж устидан чиқдик. Шофёрлар ундан мамнун бўлишди, уларни шу ерда қолдирдим. Бош врач мени ва яна икки офицерни ичкиликка таклиф қилди. Биз ром ичдик ва мен ўзимни дўстлар ўртасида ўтиргандай сездим. Қош қорая бошлади. Мен, ҳужум қачон бошланади, деб сўрадим, бутунлай қоронғи тушганда, деб жавоб беришди. Мен шофёрлар олдига қайтдим. Улар блиндажда гаплашиб ўтиришарди, мен киришим биланоқ жим бўлиб қолишди. Мен уларга бир қутидан «Македония» сигаретаси бердим, бу сигарета бўш жойланган бўлиб, чекишдан олдин учини бураб қўйиш керак эди. Маньера зажигалкасини ёқиб, ҳаммага чекиб олгани тутди. Зажигалкаси «фиат»нинг радиаторига ўхшатиб ишланган экан. Мен уларга бор билган гапларимни айтиб бердим.
– Бу ёққа келаётганимизда йўлда пост йўқ эдику? – деди Пассини.
– Биз бурилган жойнинг орқасида қолиб кетган эди.
– Бу йўлда тоза онамизни кўрамиз ҳали, – деди Маньера.
– Австрислар