Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Алвидо, қурол - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 20
– Гапни қотирар экансиз.
– Ўйлаяпмиз. Ўқияпмиз. Деҳқон эмасмиз. Биз механиклармиз. Бироқ деҳқонлар ҳам урушга ишонадиган аҳмоқлардан эмас. Бу уруш ҳамманинг жонига теккан.
– Мамлакатни калтафаҳм, ҳеч нимани тушунмайдиган синф бошқармоқда. Шунинг учун ҳам биз урушиб юрибмиз.
– Улар урушдан яна давлат орттирмоқдалар.
– Кўплари ҳатто бойий олмаяпти, – деди Пассини.
– Шунчалар бефаросат улар, қўлларидан бошқа иш келмагани учун шундай қилишмоқда. Тентакликдан.
– Бўлди, бас, – деди Маньера. – Тилимизга жуда эрк бериб юбордик, tеnеntе ҳам хафа бўлиши мумкин.
– Гапимиз унга ёқяпти, – деди Пассини. – Биз уни ўз томонимизга тортамиз.
– Лекин ҳозирчалик етади, – деди Маньера.
– Нима бўлди энди, овқат беришармикан, tеnеntе? – сўради Гавуцци.
– Ҳозир билиб келаман, – дедим мен. Гордини ўрнидан туриб, мен билан чиқди.
– Балки, бирон нарса қилиш керакдир, tеnеntе? Сизга ёрдам беролмайманми? – У тўртовлари ичида энг ювош, индамас одам эди.
– Истасангиз, мен билан юринг, – дедим мен, – нима гаплигини билиб келамиз.
Қоронғи тушиб қолганди, прожекторларнинг узун тиллари тоғлар узра кезарди. Бизнинг фронтда юк машиналарига ўрнатилган каттакон прожекторлар бор эди, гоҳо тунда фронт чизиғи яқинидан ўтилганда, йўлдан чеккада турган мана шундай юк машинасини, прожекторни бошқараётган офицерни, қўрқиб ўтакаси ёрилган гуруҳни кўриш мумкин эди. Биз завод ҳовлисидан ўтиб асосий боғлаш пунктига келдик. Кираверишда тепага шох-шаббалардан чоғроқ чайла ясаб қўйилган эди, тунги шамол қуёшда қуриган баргларни шитирлатарди. Ичкари ёруғ эди. Бош врач яшикда ўтириб телефонда гаплашмоқда. Врачлардан бири менга ҳужум бир соатга кечиктирилганини айтди. У мени коньяк ичишга таклиф қилди. Мен узунчоқ столларни, ёруғда ялтиллаб турган асбобларни, тослар ва пробкалари маҳкамланган шиша идишларни кўздан кечирдим. Гордини орқамда турган эди. Бош врач телефондан бўшади.
– Ҳозир бошланади, – деди у. – Кечиктирмайдиган бўлишибди.
Мен ташқарига қарадим, қоронғи эди, австрис прожекторларининг нурлари бизнинг ортимиздаги тоғларда изғирди. Бир сония жимлик чўкди, сўнг орқамизда турган барча тўп-замбараклардан ўт очилди.
– Савойя, – деди бош врач.
– Овқат қани? – сўрадим мен. У эшитмади. Мен қайтардим.
– Ҳали обкелишгани йўқ.
Катта снаряд учиб ўтиб завод ҳовлисида портлади. Яна биттаси ёрилди, портлаш шовқинида ғишт парчалари ва майда-чуйда нарсалар пастга ёмғирдай ёғилгани эшитилди.
– Еб