Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Алвидо, қурол - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 21
Икковимиз ҳам ўзимизни ерга отдик ва тўполон-қасирға ичида осколкаларнинг чийиллашини, ғиштларни шатирлаб тушишини эшитдик. Гордини оёққа қалқиб блиндаж томон чопиб кетди. Мен сарғиш чангга беланган пишлоқни кўтариб унинг орқасидан чопдим. Блиндажда учала шофёр ҳамон чекиб ўтиришарди.
– Мана сизга, ватанпарварлар, – дедим мен.
– Машиналар қалай? – сўради Маньера.
– Жойида, – дедим мен.
– Қўрқдингизми, tеnеntе?
– Шундан бўлди, – дедим.
Мен пичоғимни чиқариб, очдим-да, тиғини артиб, пишлоқнинг уст қаватини қириб ташладим. Гавуцци менга макарон солинган тоғорани узатди.
– Сиз бошлаб беринг.
– Йўқ, – дедим мен. – Ерга қўйинг. Биргалашиб еймиз.
– Санчқимиз йўқ.
– Йўқ бўлса бўлар, – дедим инглизчалаб.
Мен пишлоқни бўлак-бўлак қилиб кесиб макароннинг устига ташлаб қўйдим.
– Олинглар, – дедим. Улар яқинроқ сурилишиб, кутиб туришди. Мен макаронга қўлимни тиқиб кўтардим. Қўлимга елимга ўхшаб илашиб чиқди.
– Юқорироқ кўтаринг.
Мен қўлимни елкамга довур кўтарганимдагина макарон тоғорадан узилди. Мен уни оғзимга солдим, кейинги учини лабим билан ушлаб, ичимга тортдимда, чайнай бошладим, кейин бир бўлак пишлоқ олиб, оғзимга солдим, орқасидан вино ҳўпладим. Винодан занг ҳиди келарди. Мен флягани Пассинига бердим.
– Расво, – дедим мен. – Флягада узоқ туриб қолибди. Мен уни машинада ёнимда олиб юрувдим…
Тўртовлари ҳам тоғорага энгашганча, макаронларни сўриб ейишарди. Мен яна оғзимни тўлдириб олдимда, пишлоқдан тишлаб, вино ҳўпладим. Ташқарида нимадир гупиллаб қулади, ер зириллаб кетди.
– Тўрт юз йигирма миллиметрли ёки миномёт, – деди Гавуцци.
– Тоғларда бундай калибрли тўплар бўлмайди, – дедим.
– Уларда Шкода замбараклари бор. Мен снаряднинг чўнқирини кўрдим.
– У уч юз беш миллиметрлиги.
Овқатни давом эттирдик. Йўтал овози эшитилди, паровоз юриб кетгандай вишиллаган товуш чиқди, кейин ерни ларзага солиб портлаш бўлди.
– Блиндаж юзагина экан, – деди Пассини.
– Ана мановиси энди миномёт.
– Рост.
Мен пишлоқдан бир луқма тишлаб, вино ичдим. Шовқин-сурон ичида қулоғимга йўтал овози чалинди, кейин чух-чухчух-чух, деган овоз эшитилди, сўнг худди домна эшиги очилган каби нимадир ярақлаб кетди, кейин аввал оппоқ, сўнг борган сари қизил тусга кириб, қип-қизил, қип-қизил қуюндай бўлиб ғувиллаш, гумбурлаш садоси келди. Мен нафас олиб кўрай десам, нафас ололмадим, назаримда ўзлигимдан чиқиб, қуюн ичра учиб кетаётгандай, учиб кетаётгандай, учиб кетаётгандай эдим. Бир зумда борлиғим пардай учиб, йўқ бўлиб кетди дедим, ўликдай бўлдим, ўлганингдан кейин ҳеч гап бўлмайди деганлар хато қиладилар, деб ўйладим. Кейин ҳавода суза бошладим, бироқ олдинга эмас, нуқул орқага кетиб қолардим.