Бўрилар изидан. Хусанбой Каримов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Бўрилар изидан - Хусанбой Каримов страница 14
Раҳмонали ноилож илжайди.
– Жуда тўғри айтасиз, ҳожи ака. Сизларда-чи? – Атайин ўсмоқчилади у.
– У ёқдами? Бир пиёла тоза сувдан нефть арзон. Бу ерда тоза сувлар шариллаб оқиб ётибди. Ёшлигимизда раҳматли ота-онамиз: «Юртимизда ариқларда сув оқади. Мевалар дарахтларда ғарқ пишади. Ўз қўлинг билан узиб олиб ейсан» дейишса, бизга Жаннатни таърифлашяпти, деб ўйларканмиз. Аллоҳга шукр, мана, келиб кўрдим. Асли Жаннат Ўзбекистонда экан. Насиб қилса, шу ота юртимда бир ҳовли-уй олмоқчиман. Талабжон уйлантириб ҳам қўймоқчи… – Ёрилиб қолди меҳмон.
Раҳмонали кулгидан ўзини аранг тийиб қолди. Нима деб валдираяпти бу гўрсўхта ўзи. Туя ҳаммомни орзу қилгандек Ўзбекистонда муқим яшаб қолишни режалаяпти шекилли. Чучварани хом санаяпти, деб ўйлади-ю, бироқ билдирмади. Илжайганча маъқуллаб, бош ирғаб юраверди ёнида.
Меҳмоннинг оғзидан суви келиб, ҳали олмага, ҳали узум растасига чопади, ҳар биридан манзират қилиб узатаётган сотувчилардан олиб: «Рози бўлинг, рози бўлинг», деганча оғзига солиб, кавшанади. Алҳол бир кило олма, бир кило узумни нархини баҳслашмай сотиб ола қолди.
– Буни ҳали еймиз, – деди арабистонлик меҳмон Жамол ҳожи, оғзининг таноби қочиб.
Кечки пайт арабистонлик меҳмон Бўта бошчилигида Жоме масжидига йўл олди. Масжиднинг кенг-мўл бир хонасида ўн беш чоғли ёши улуғ кексалар имом бошчилигида меҳмонни кутиб туришган экан. Ниҳоятда иззат-икром, ўта меҳмоннавозлик билан арабистонлик ҳожини кутиб олишиб, тўрига ўтқазишди. Раҳмонали бериги хонада қолди. Бўта ёнбошда, Жамол ҳожи тўрида, бир пайт жаноби пайғамбаримиз ҳадисларидан бошланган масалани бошлаб, бир уй намозхонларни йиғлата бошлади Жамол ҳожи. Дарҳақиқат, Жамол ҳожи сўзга уста, эскичадан ҳам билими анчагина юқори экан. Масалаларни бир-бир айтиб, ниҳоят, ислом давлатининг афзалликлари тўғрисида оғиз кўпиртира бошлади. Арабистондаги ҳаёт жаннатмисол эканини таърифлаб, барча-барча ўта художўй эканини айтиб, ҳаммани ўзига маҳлиё этдиқўйди.
Жоме масжидидаги суҳбат шом намозини бирга ўқиш билан тугалланди.
Бўта Жамол ҳожини эргаштириб масжиддан чиққанида Раҳмонали сал беридаги машина ёнида уларни кутиб турган эди.
– Бўтажон, бугун сиз билан холи ўтирсак, майлими, – дерди Жамол ҳожи. – Кеча Талабжон билан суҳбатлашдик. Ҳаммани ўзига яраша тартиб-қоидаси борда, ука, – дерди ҳожи ака.
Бўта тушуниб-тушунмай «хўп» деди.
Раҳмонали рулда, икков орқа ўриндиқда ўтиришди.
– Бўлмаса бизни қишлоққа, Тошқўрғонга борамиз, ҳожи ака, розимисиз? – деб сўраб қолди Бўта. Ҳожи илжайиб: «Майлингиз» деб жавоб қилди. Раҳмонали тушуниб, йўлни Тошқўрғон томон солди.
Бўтанинг уйига етиб келишганида, эшик ёнида биров, аниқроғи, Раҳмонали учун нотаниш бир киши турарди.
– Ана, акам ҳам шу ерда экан, – деб юборди Бўта. – Роса сиз боп улфат у.
Раҳмонали тушунмади.
Бўтани