Қўқон хонлари. Хамидулла Абдуллаев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қўқон хонлари - Хамидулла Абдуллаев страница 11
– Яъни?
– Қўшинларимизни икки қисмга бўламиз, бир қисмини Сирдарёнинг икки қирғоғига жойлаштирамиз. Заҳирадаги иккинчи қисм уларнинг ўтиши мумкин бўлган ягона йўл бўсағасида бўлади.
– Гап бундай, биз юртимизда эканлигимиз биринчи афзаллигимиз, агар ўзимизни йўқотиб қўймай қўққисдан ҳужум қилсак йўл юриб, чарчаб-хориб келаётган душманни албатта, енгамиз.
Ярим тунгача давом этган ҳарбий кенгашда барча жанг қилиш масалалари келишиб олинди, тажрибали ҳарбийлар бир овоздан Амир лашкар Аёзбек таклифини маъқулладилар. Сирдарёнинг энг саёз қирғоқларига яширинча ҳарбийлар жойлаштирилди. Амир лашкарларининг бир қисми кечувдан ўтгандан сўнг пистирмадан туриб ҳужумга ўтишади, дарё ичида қолган жангчилар қайси томонга юришларидан қатъий назар ўлим топишлари аниқ.
Мўлжал тўғри чиқди. Беш минг кишидан иборат қўшин ҳар сафаргидек дарёнинг саёз жойидан кечиб ўта бошладилар. Қирғоққа чиқиб олган жангчилар қўққисдан ҳужумга учраб ўлим топдилар. Кечувда бўлганларига йўл йўқ эди, иккала қирғоқни ҳам мудофаачиларнинг жангчилари мутлақ эгаллаб олган.
Бухоро Амири юборган жазо қўшини мутлақо мағлуб бўлди. Асир олинганлардан ташқари барча жангчилар ҳалок бўлишди ёки сувга чўкиб бедарак йўқолишди. Бухоро Амирлигини руҳан синдирган бу воқеа Қўқон хонлигининг ўз кучига бўлган ишончини мустаҳкамлади.
Тарғова, Чанкат қишлоқлари атрофида барпо бўлган салтанат ўз марказини «Кўк тўнли Азизлар» мавзесида қурилган янги қалъага кўчириб, ўзларини Қўқон хонлиги деб атай бошладилар. Салтанат ривожлана бошлади. Ўзларини ташқи душмандан муҳофаза қилиш учун бирлашиш лозимлигини тушунган мустақил Андижон, Наманган, Марғилон каби шаҳарлар Қўқон хонлиги таркибига кира бошладилар. Кейинроқ бориб Ўш, Ўзган, Жалолобод шаҳарлари ҳам уларга эргашдилар. Ободончилик ва қурилиш ишлари ҳам тез суръатлар билан олиб борилди.
Хонликни барпо қилиш жиддий тўсиқларга дуч келишига қарамай ўзига хос ана шундай муваффақиятлар бор эди. Ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп, юрт бехатарлигини таъминлайдиган мунтазам қўшин тузиш, ўз пулини зарб қилиш, ҳудудларни кенгайтириш каби муаммолар кўндаланг эди.
Шоҳруҳбийнинг энг хуш кўрган машғулотларидан бири овга чиқиш бўлса, иккинчиси жангчиларнинг машғулотини кузатиш эди. Водийнинг йигитлари алп қомат, жасур ва жисмонан жуда бақувват эдилар. Буни кўра билган хон кучли мунтазам қушин тайёрлашга киришган эди.
– Дада, – деди Шоҳруҳбий отасига. – Жангчиларимизнинг тайёргарлигини бирга кўрсак ўз фикрларингизни айтар эдингиз.
– Йигитларинг от чоптириш, камон отиш, найза улоқтиришда тенги йўқ, буни биламан.
– Уларни кўпроқ машқ қилишлари учун имконият яратганмиз, айниқса улоқ мусобақалари от чоптириш маҳоратини оширади, қиличбозлик мусобақаси учун алоҳида соврин белгилаганмиз.
– Бу ишларингиз таҳсинга сазовор, лекин нималаргадир кучимиз етмаётганга ўхшайди. Менимча қилич ва камоннинг умри тугаб бормоқда.
– Наҳотки шундай?.
– Ҳа, озгина фурсат ўтади-ю, бу қуроллар ўрнини милтиқ ва замбараклар эгаллайди.