СЎЗ. Одил Ёқубов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу СЎЗ - Одил Ёқубов страница 33
Ёзувчи хотираларидан иборат мазкур иккала ҳикоя ҳам ўтмишни шу қадар ўткир реалистик ва шу билан бир вақтда қайғули бўёқларда тасвирлаб, китобхон кўз олдида гавдалантира олганки, эндиликда таниқли, бироқ ўшанда анча ёш бўлган бир танқидчи беихтиёр эътироз билдириб, шундай деганда:
«– Наҳотки, одамларнинг қисмати шунчалик оғир, даҳшатли бўлган бўлса? Бунга ишониш қийин, устоз!
Бунга Абдулла Қаҳҳор шундай жавоб берган эди:
– Мен ўз кўзим билан кўрганимни ёздим, холос. Мен бор ҳақиқатни аслида қандай бўлса шундайлигича қоғозга туширдим. Агар бу сиз ёшларга эриш туюлаётган бўлса, начора, келинг, сизларнинг ҳам кўнглингиз қолмасин, менинг бу бошдан-оёқ аччиқ ҳақиқатга тўла асаримни эртак, деб атай қолайлик!»
Аёвсиз реалистик қиссанинг «Ўтмишдан эртаклар» деб номланиши шу тариқа юзага келганди. Дарвоқе, бу ҳақда қиссага ёзилган сўзбошида Абдулла Қаҳҳорнинг ўзи эслатиб ҳам ўтади.
Абдулла Қаҳҳор ижодда ана шундай санъаткор эди. Ҳаётда қандай одам бўлган?
Соч-соқоли оқ, юзидан алломалик нури балқиб турган хушрўй бу инсон бир қарашда қаттиққўл, сиёсатли одамга ўхшаб кўринарди. Ўша пайтдаги адабий муҳитда кенг урф бўлган «Абдулла Қаҳҳор нима деркин?» деган ибора бизнинг авлодимизга мансуб ёзувчиларни шошма-шошарликдан, ўз ишига бепарволик билан ёндашишдан огоҳлантириб, қўлёзмаларимизни қайта-қайта кўчиришимизга мажбур қилар эди. Ҳақиқатда эса у ғоят зийрак, кўнгли очиқ, адабиётга кириб келаётган ёрқин ва истеъдодли ёшларни астойдил қўллабқувватлайдиган инсон эди.
ЗАМОНДОШЛАРИМ
БУЮКЛАР ОДДИЙ БЎЛАДИЛАР
Бундоқ ўйлаб қарасам, ХХ асрнинг энг буюк адибларидан бири деб тан олинган Чингиз Айтматов билан яқиндан танишганимизга 30-35 йил бўлибди. Чингиз ўша маҳалдаёқ «Жамила» қиссаси учун собиқ СССРнинг энг юксак мукофотига сазовор бўлган, шуҳрати кун сайин ортиб бораётган ёзувчи эди.
Олтмишинчи йилларнинг ўрталари. Бир кун уйимга Пиримқул келди.
– Тошкентга Чингиз келган, – деди Пиримқул. У «Тошкент» меҳмонхонасига тушган. Мен уни соат иккига уйга таклиф қилдим. Сен машинангда уйимга олиб келсанг, танийсан-ку уни?
– Ҳа, узоқдан кўрганман, – дедим мен.
Соат иккига етиб бордим. У ҳам роппа-роса иккида меҳмонхонадан чиқди. Баланд бўйли, хушқомат, хушсурат (Худо бераман деса, ҳар жиҳатдан бераркан).
Бориб кўришдим, ўзимни таништирдим.
– Ҳа,