БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД. Иқбол Мирзо
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД - Иқбол Мирзо страница 18
– Дада, нима қидиряпсиз? – деган саволим жавобсиз қолди.
– Иссиқладим, ойнани очиб қўй, – деди… Деразани очаётсам, – қара-я, бодом чиройли гуллабди, – деб ишора қилди. Ташқарига қарадим:
– Дада, бу йил баҳор кечикди, кўча совуқ ҳали, – дедим.
– Яхшилаб қара, Бону, ахир, ана, гуллаб ётибди-ку, ана, отам ҳам ўша ерда, – деди бошини ёстиқдан узиб…
Яна ҳовлига қарадим: қуп-қуруқ гилос шохидан бошқа ҳеч нима йўқ…
Онам:
– Отанг алаҳсираяпти, – деди.
Ҳовлиқиб қишлоғимиз врачига қўнғироқ қилдим. Келиб укол қилиб кетди. Дадам ухлаб қолди.
Ҳовлида айланиб юрганча опам Гулшанга қўнғироқ қилдим, у кела олмаслигини айтди.
Зебо опам:
– Бонужон, икки кун ҳам бўлмади уйларингдан келганимга, ҳар куни тўрт бола билан йўлга чиқолмайман-ку, – деди зорланиб.
Барчиной опамга қўнғироқ қилиб, эрталаб бўлган гапни айтиб бердим.
– Жиннимисан, кеча туғилган кунингда яхши ўтирган эдилар-ку, – деди.
– Ҳа, лекин бугун эрталабдан ўзгарди…
Мактабда сариқ касали тарқаганини, болаларининг кийимини қайнатиб ювиб, дазмоллаб, мактабга узатиши кераклигини… ва бошқа оилавий муаммоларини қалаштириб ташлади.
Жаҳлим чиқиб кетди:
– Эртага келганингизда дадам бўлмаса, ёқа йиртиб, ер муштламанг, – деб телефонни ўчирдим.
Тўртинчи опам – Розия бошқа туманга турмушга чиққан. Учта боласи бор. Поччам темирйўлда тунги навбатчиликда туради. Унга айтишнинг ҳам фойдаси йўқ.
Дадам ухлаб тургандан кейин бироз енгиллади. Кечга қараб Барчиной опам билан поччам келишди:
– Ваҳима кўтариб, аччиқ қилиб телефонни қўясан, дадам ҳали юз йил яшайди, – деди опам зарда аралаш.
– Келганингиз жонимга, сизларни соғинсам бир баҳона топаман-да, – дедим.
Гурунглашиб турган эдикки, Наврўз дастурини назардан ўтказиш учун ўқувчиларим кириб келишди. Уйда меҳмон борлигини айтиб, холироқ жой топишни буюрдим. Маҳалла бошидаги ўқувчининг уйида тайёргарлик кўрадиган бўлдик. Опам:
– Мени ўшанча жойдан чақириб олдинг, энди кетмайсан ҳеч қаёққа, – деб йўлимни тўсди. Дадам опамга:
– Қўй, бораверсин, нима дейсан унга? Эрта байрамга келсанг кўрасан тадбирларини, – деди. Опам хоҳламайгина:
– Майли, бор, ҳай, лекин тез кел, – деди.
– Хўп, – деб қоғоз-қалам, дафтарларимни олиб кетдим…
Орадан ўн дақиқа ўтдимикан, акам телефон қилиб:
– Тез қайт, дадам оғирлашиб қолди, – деди қаттиқ шивирлаб.
Қандай қилиб югуриб уйга келганимни билмайман. Акамнинг икки ўғли йўлакда йиғлаб туришибди.
– Ҳа, Файзулло, нима бўлди? – дедиму жавоб ҳам кутмай уйга кирдим.
Акам дадамнинг елкаларидан ушлаб турар, опам сочиқ билан елпир, онам эса орқароқда дадамдан паналаб йиғларди… Акам дадамга қараб:
– Дада, ана, Бону келди, – деди. Опам: